Азму шижоат ва камолот айёми

01.07.2021 12:07:59

Ёшлар – жамиятимизнинг муҳим қисми эканини эътироф этарканмиз, айнан ўсиб келаётган авлод давлатимизнинг барқарор ривожланишини, авлодлар алмашинувини таъминлаш, алал оқибат илм-фаннинг ўсишига, иқтисодий ютуқларга эришишимизга, тарихий қадриятларимизни сақлашга масъул ижтимоий қатлам эканлигини идрок этамиз.  Мамлакатимиз ривожланишининг ҳар қандай концепциясини амалга ошириш ҳам айнан биз ёшларнинг унга муносабатимизга,  фикрлаш ва ҳаёт тарзимизга боғлиқ. Шу туфайли ҳам бугунга кунга келиб ёшлар давлатимиз ва жамиятимиз ривожланишини таъминлайдиган миллий манфаатимиз объектига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ёшларни илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ўз ҳаёт йўлини топишлари учун кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Улардан унумли фойдаланиш эса биз ёшларнинг келажак учун қўйилган мустаҳкам қадамимизга боғлиқ.

Дарҳақиқат, бугунги ёшларга яратилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди.  Интернет орқали жаҳонга чиқишяпти. Хорижда билим олишга эришяпти.  Турли тилларни  ўрганишмоқда.  Фан ва спорт олимпиадаларида жаҳон аҳлига ҳайратлар улашмоқдалар.

Барчамизга маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар сиёсати йўналишида жуда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди.

Шу хусусда вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар қилиниб,  самарали ишлаётган юзлаб ёш тадбиркорлар ва фермерлар, шунингдек ёш ҳунарманд-шогирдлар давлатимизнинг иқтисодий ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Бунга биргина мисол тариқасида, маълумотларга таяниб, ўтган икки йил мобайнида вилоятимиздаги йигит-қизларнинг  бизнес лойиҳалари учун “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида бугунги кунга қадар 20 миллиард 500 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, минглаб янги иш ўрни яратилгани эътиборга моликдир.
Шу билан бирга, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси бўйича туманимизда 2000 нафар ишсиз ёшлар ҳамда 700 нафардан ортиқ мактаб битирувчиларига ёш деҳқонларга 150 гектардан зиёд ер ажратилди.

Сўнгги йилларда ёшлар йўналишидаги муҳим чора-тадбирлар туфайли охирги уч йилда ҳар бир туманда 2000 нафардан зиёд  ишсиз ёш фуқаролар доимий ва мавсумий иш билан таъминланди.

Албатта, бу ўзгаришлар Юртбошимиз бошчилигидаги катта бир жамоанинг самарали ва машаққатли меҳнати эвазига деб биламиз. Бугунги давр бугунги кун ёшларини катталарга қанот бўлиб, ушбу ислоҳотларга кўмакдош бўлишини, дунё тан оладиган даражадаги теран тафаккур эгаси бўлишликка ундамоқда.

Ҳа, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак, халқимиз, Ватанимиз бизлардан буюк ишларни кутмоқда.
Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчамизга насиб этсин!
Мен ушбу фурсатлардан фойдаланиб, тенгдошларимни, мамлакатимиздаги барча ёшларни севимли байрам, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, юртимизнинг навқирон ёшларига сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.

 

Бекзод ЧОРИЕВ,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+