Баҳром Абдуҳалимовнинг қашқадарёлик сайловчилар билан учрашуви маърузасидан

12.10.2021 16:10:21

 

XX аср бошларида Б. Литвинов Туркистон генерал губернаторлиги вакили бўлиб Тошкентдан Кеш ва Қарши вилоятига боради. Бу ўлкаларни кўриб ҳайратга тушади ва уларни «ҳали тараққиётнинг бузуқ қадами тегмаган афсоналарнинг сеҳрли ўлкаси», деб атайди. Ҳозир бу қадам етиб келган бўлса-да, бу ўлкаларда ўша афсоналар бугун ҳам келувчиларни кутиб олади, уларни ҳануз ҳайратга солади.

Искандар Зулқарнайнни ҳолдан тойдирган ва машҳур қилган тоғ чўққисидаги Суғд ҳамда Хориен қалъалари;

Шаҳрисабздаги Кўк гумбаз, Оқ сарой, Жаҳонгир мақбараси, Ҳазрати Имом масжиди, Малик Аштар мадрасаси;

Қаршидаги Кўк гумбаз намозгоҳи, Масжиди калон (ҳозирги Одина масжиди), Жарроҳ ота, Эшон шаҳид;

Қамаши туманидаги Катта Лангар ва Чироқчидаги Эски Лангар зиёратгоҳлари; Китобдаги машҳур Имкана хонақоҳи; Косонда Баҳоуддин Нақшбанднинг устози Қусам шайх; Касби туманида Рўзибой Машраб (Машраби Саний) зиёратгоҳлари...  

Қашқадарёда бундай номларни тугатиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири юртимизни шарафга тўлдириб турибди, миллатимизга фахр бағишлайди. Хорижий юртларда номлари зикр этилган бу жойларни кўриш, зиёрат қилишни орзу қилувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Бу тарихий масканлар Қашқадарёга хорижлик ва маҳаллий сайёҳаларни жалб этиш, халқнинг моддий, маънавий эҳтиёжини таъминлашга беминнат хизмат қилади. 

Қашқадарё турли тарихий воқеалар ва меъморий ҳамда бошқа турдаги моддий ёдгорликларга бой кўҳна ўлкадир. Ҳатто, дунёдаги айрим давлатлар унинг бу жиҳатларига ҳавас қилса мутлақо арзийди.

Қашқадарё вилояти қадимдан бугунгача ҳамиша Ўзбекистон илм-фани тараққиётида муҳим ва нуфузли ўрин тутган. Қашқадарёдаги маънавий-маърифий масканлар, мадрасалар – қадимги институт, университетлар тарихи Бухоро ва Самарқанддаги каби 1200 йилдан ошиб кетади. Ўтган асрнинг 1920 йилларига қадар Қарши шаҳрида беш хил олий тоифадаги 45 мадраса фаолият юритгани аниқланди. Уларда мингга яқин талаба турли фанлардан таълим олган. Қашқадарёнинг шарқий қисми – Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Ғузор ва Чироқчи бекликларида ҳам умумий ҳисобда турли тоифадаги қарийб қирқдан ошиқ мадраса фаолият юритган. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида шу йўналишда бугунги кунда ҳам муваффақиятли тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ўлкада мадрасалардан ташқари, беш юздан ошиқ мактабда ёш авлодга мунтазам равишда илмлар ўргатилган, уларнинг маънавий олами шакллантирилган.

 Бугунги кунда Республикамизда олий, махсус ва ўрта таълим мактаблари фаолиятига жиддий эътибор қаратилиб, бу соҳада жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда албатта, қадимги олий ўқув юртлари – мадрасалар ва таълим тизими фаолияти ҳам эътибордан четдан қолмаслиги, аждодларнинг тарихий тарбия усуллари, амалий тажрибаларидан фойдаланиш лозимдир. Бу ҳолат албатта, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширади, ўқиш ва тарбия соҳасида ижобий натижаларга эришишга кўмаклашади.

Маърифат ва маънавият ижтимоий тараққиётнинг ажралмас энг муҳим қисмидир. Уни жамият илм-фани шакллантиради, қувватлантиради. Бу соҳа вакиллари улуғ олимлар ва ижодкорлар, зиёли ўқувчилардир. Олимлар ва ижодкорлар барча замонларда миллатнинг руҳий кайфияти, жамият маданиятини белгилаб берган. Бугун ҳам шундай. Ижтимоий ҳаётдаги барча муаммоларни илм-фан ривожисиз ҳал этиб бўлмайди. Қашқадарёда қадимдан кўплаб олимлар ва ижодкорлар етишиб чиққан. Биргина «Насафий»лар нисбаси билан танилган олимлар ва ижодкорлар сони юздан ошиб кетади. Улар илмнинг ҳуқуқшунослик, ақида (калом), география, тарих, тилшунослик, адабиёт, ҳадисшунослик, Қуръон илми, математика (фароиз) каби турли йўналишларда самарали ижод қилишган.

Олим ва адиб «Кеший»ларга назар ташласак ҳам худди шундай ҳолатга дуч келамиз. Абд Ҳумайд Кеший[1] (IX), Абул Муин Насафий (XI), Нажмиддин Умар Насафий (XII), Зиёуддин Нахшабий (XIII), Жалолиддин Кеший (XIV), Дарвеш Муҳаммад Шаҳрисабзий (XVI), Сайидо Насафий (XVII), Хиромий (XIX) каби яна кўплаб алломалар ва ижодкорлар шу юртдан етишиб чиққан улуғлардир. Уларни ислом олами ва дунё илм аҳли яхши танийди. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинаси ва дунёнинг машҳур кутубхоналарида уларнинг асарлари сақланади. Айримлари ўзбек тили ва турли хорижий тилларга таржима қилинган, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Насаф ва Кеш алломалари ижодий меросини етарли даражада ўрганиш, уларни таржима қилиб жамият аҳли ҳамда барча ўқувчилар оммасига  етказиш бугуннинг долзарб масалалридан биридир. Шу мақсадда юртимизда жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қаршида «Абул Муин Насафий имлмий-тадқиқот маркази»нинг ташкил этилиши шундай эзгу уринишлардан бири бўлди. Бу тадбир билан ўтмиш ва бугун муаваффақиятли тарзда уйғунлаштирилиб, туташтирилди. Яъни, Қаршида 1000 йиллик тарихга эга бўлган илмий маскан тикланиб, ўз фаолиятини давом эттиришга киришди. Биз бу йўналишдаги ислоҳотлар такомиллаштирилиб, давом эттирилиши тарафдоримиз. Масалан, Қарши шаҳрида «Абдулазиз мадрасаси», 600 йиллик тарихга эга ва ўз даврида Шаҳрисабзнинг машҳур олий ўқув юртларидан бири бўлган «Кўкгумбаз масжиди ҳужралари» фаолияти бугунги илм-фан талабларига уйғунлаштирилган ва такомиллаштирилган ҳолда тикланиши Қашқадарё ва албатта, юртимиз маънавий-маърифий ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўларди. Бу тадбир мамлакатда учинчи ренессанс муваффақиятли амалга оширилиши учун ҳам хизмат қиларди.

Барча замонларда ижтимоий ҳаётда муаммолар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжуд бўлади. Улар баъзан жамиятнинг бир босқичдан бошқасига ўтиш даврларида кўпаяди, йиғилиб қолади. Уларнинг самарали ечими ҳамиша илм-фан орқали топилган, ҳал этилган. Аждодларимиз айтганидек, илм – нажотдир! Бу ҳолат бугун Қашқадарё учун ҳам хосдир. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзига муносиб юқори ўринларга кўтарилиши, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш, ишсизликка барҳам бериш учун курашда Қашқадарё халқининг барча соҳаларидаги имкониятларини жонлантириш ниҳоятда зарур ва фойдалидир.  

 

 

 

 

 

[1] Имом Бухорийнинг устозларидан бири.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+