Барчаси ўз қўлимизда

26.03.2021 19:03:04

Мамлакатимизда коранавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳали тўлиқ изга тушмасдан одамлар яна ўзбошимчалик билан эҳтиёт чораларига риоя қилмай қўйди. Кўпчилик хатто ниқоб тақишни ташлаб қўйди. Бу эса яна кескин вазиятни келтириб чиқариш хавфини юзага келтирди.

Шу муносабат билан яқиндан мамлакатимизда эпидемиологик вазият бўйича назорат кучайтирилиши бошланди. Оммавий тадбирлар ва йиғилишлар ўтказилиши вақтинча тўхтатилмоқда. Шунга қарамай аҳоли энг кўп тўпланадиган бозорлардаги ҳолат қониқарсизлигича қолмоқда. Кўпчилик ниқоб тақмасдан юрганига, белгиланган қоидаларга амал қилмаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шунингдек, санитария қоидаларини тартибга солиш нечоғли зарур эканлигини эътироф этадиган бўлсак, бу ҳолатни ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Яқиндагина хатто, уйдан кўчага чиқишда қўрқув ва хадик ҳиссиёти вужудимизни қамраб оларди.  Вирус юқтириб олмасмиканман деган ҳадик ҳар онда ҳаёлимиздан ўтиб турарди. Шундай таҳликали кунларни ортда қолдираётганимиз учун шукрона қилиб эҳтиёт чораларига амал қилиб туриш ўрнига бутунлай ўзимизни эркин қўйиб юбордик. Гўё вирус умуман қайтиб келмайдигандек ўзимизни бепарво тутдик. Бу эса кўриб турганингиздек вазиятни чигаллаштириб юборди. Янги вирус турларини юқтириш хавфини кучайтирмоқда. Айниқса кичик ёшдаги болалар учун хавфли бўлган коронавируснинг янгича штамлари аниқланганлиги бизни янада ҳушёр бўлишга ундамоқда. Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги мактаб ва мактабгача тарбия муассасалари вақтинчалик карантинга ёпилганлигини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Умуман олганда, вазиятни издан чиқариш ҳам уни тартибга келтириб хавфнинг камайишига эришиш ҳам ўз қўлимизда. Бу бўйича қатъий талабларни ҳаётий шиоримизга айлантирсак ва қоидаларга оғишмай сўзсиз амал қилсак барчаси кўнгилдагидек бўлиши муқаррар.

 

 

Фаррух СОБИРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+