Беғараз донорлик акцияси бўлиб ўтди

02.12.2022 10:12:23

Ҳаётимиз мазмуни саналмиш болажонларни ардоқлаб, уларнинг жисмонан соғлом бўлиб камолга етишлари учун доим қайғурамиз. Албатта, бунинг учун бор имкониятларимизни ишга соламиз, улар учун мақбул шароитни яратишга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, боланинг бегонаси бўлмаганидек, ўзгаларга қайишиш, кўмаклашиш, имкон бўлса, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга тайёрлигимиздир.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» донорлик акцияси шундай сифатли инсонларни атрофида жамлаб, болаларга тиббий ёрдам беришга кўмаклашиб келмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур хайрия акцияси давомида топширилган қон тумандаги онкология ва гематология марказларида даволанаётган болалар ҳамда бахтсиз ҳодиса туфайли кўп қон йўқотган инсонлар ҳаётларини сақлашга хизмат қилади. Шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилганлигини билан аҳамиятлидир.

Фарғона вилоят қон қуйиш марказида ташкил этилган акцияда партиянинг вилоят Кенгаши в.б раиси Ш.Эгамов, партия ходимлари, фаоллари, депутатлар ҳамда турли ташкилот вакиллари, эзгулик истагидаги инсонлар иштирок этишди ва савобли юмушни адо этдилар.

- Партия ёшлар тақдирида муҳим аҳамиятга эга бўлган бу каби савобли акцияларни ташкил этиб, электоратининг асосий қатламини ташкил этувчи шифокорлар мушкулини осон қилмоқда, кўплаб инсонларнинг дардига малҳам бўлмоқда, – дейди марказ эпидемиологи Ойбек Юлдашев. – Қолаверса, аҳоли ўртасида донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, афзалликлари хусусида кенгроқ тушунтириш ишлари олиб борилди.

Эътироф этиш ўринлики, акцияда Ички ишлар вазирлиги халқаро аэропортлар хавфсизлигини таъминлаш қўшинлари Фарғона алоҳида батальони, МИБ ҳузуридаги чақирувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги тоифаланган объектларни қўшинли қўриқлаш ҳарбий қўмондонлиги вакиллари фаол иштирок этди.

- Эртамиз эгаларининг келажаги, тақдирига барчамиз бирдек масъулмиз. Уларга донор сифатидаги кўмагимиз биз учун ҳам шараф ҳам саломатлигимиз учун фойдали омил саналади, – дейди Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги тоифаланган объектларни қўшинли қўриқлаш ҳарбий қўмондонлиги бўлим бошлиғи Музаффар Солиев. – Ҳар бир донор ким учундир умид, кўмаги эса ҳаёт манбаига айланиши мумкин.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+