Беғараз донорлик – инсонийлик намунаси!

03.06.2024 18:06:09

«Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан кўп йиллардан бери йилда икки маротаба «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда. Албатта донорлик акциясини ташкил этишдан асосий мақсад, бемор ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш шунингдек, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.

1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан вилоят қон қуйиш марказида ҳамда вилоятнинг барча туманларидаги қон қуйиш марказларида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Дастлаб, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ушбу акцияни юқори савияда ташкил этиш мақсадида аҳоли гавжум жойларида ҳамда ижтимоий тармоқларда тарғибот эълонлари тарқатилди.

Донорлик акциясида маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари ходимлари, «Аёллар қаноти» ва «Ёш адолатчилар» қаноти фаоллари, вилоят суди вакиллари, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жиззах вилоят Қўриқлаш бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

- Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим, – дейди партиянинг ёшлар қаноти фаоли Олим Жумабоев. – Бугунги акцияга қон топшириш учун жуда кўп инсонлар келишган. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб беради. Донорларни шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу-ниятли инсонлар деб аташ мумкин.

Ҳақиқатдан ҳам, қон бериш – жони хавф остида бўлган инсонларга ҳаёт ҳадя этишдир.

Шунингдек, 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан партия томонидан «Меҳр карвони» шиори остида вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасидаги бемор болалар учун хайрия тадбири ташкил этилиб, партия ҳамда ҳомийлар томонидан болажонлар учун байрам совғалари тарқатилди.


«Адолат» СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+