Бемор болажонларга янги йил совғалари улашилди

30.12.2023 17:12:57

Инсониятга туҳфа этилган неъматлар ичида саломатлик бебаҳодир.
Инсон саломат бўлмаса, на фароғат ва на ҳашамат татийди. Айниқса, бемор фарзанд бўлсачи, бу дилбанди, юрагининг бир парчаси учун, унинг биргина кулгуси учун дунёларни бахшида этишга тайёр бўлади инсон. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади.


Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Айниқса, улар саратон билан хасталанган бўлса... Мурғак вужудни, кичкинтойларни ушбу хасталик билан оғриганини эшитишнинг ўзи оғир, бу хасталикдан қийналаётган болажонлар аҳволини тасаввур қилишнинг ўзи оғриқли. Ана шундай оғир дард билан курашаётган жажжи болажонларга озгина бўлса-да қувонч улашиш, уларнинг дилларига хушнудлик бахш этиш истагида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши, депутатлар, тадбиркорлар ҳамда кўнгилли ҳомийлар томонидан Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасининг “Онкогематология” бўлимида даволанаётган бемор болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналар ҳолидан хабар олиниб, улар учун байрам тадбири ташкил этилди.


Дастлаб тадбирни болажонларимизни хурсанд қилиш учун ташриф буюрган Қорбобо, Қорқиз ва эртак қаҳрамонлари қувноқ ўйинлар билан очиб беришди. Шундан сўнг кириш сўзи билан партиянинг вилоят Кенгаши раис ўринбосари - Асқар Холиқов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, тиббиёт соҳасига қаратилган ва яратилган имкониятларнинг негизида инсон манфаатлари ва қадр-қиммати мужассам экани тўғрисида гапирди.


Тадбир давомида болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида Қорбобо ҳамда Қорқиз янги йил совғаларини болажонларга ҳамда марказда даволанаётган беморларга улашишди.Саховатпеша ҳомийларимиз томонидан Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасининг “Онкогематология” бўлимига 2 камерали музлатгич совға сифатида берилган бўлса “Авесто” ширинликлар дўкони, “Анастасия” гул дўконлари ва кўплаб кўнгилли ҳомийлар иштирокида болажонларимизга ширинликлар ҳамда касал болалар учун дармондорилар улашилиб, байрам дастурхони тузалди.

“Адолат”СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши, Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+