“Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси - Фарғонада

04.05.2021 22:05:53

Дарҳақиқат, аёл бу она, рафиқа, фарзанд, келин, шу билан бир қаторда, ижтимоий соҳада ходим ёки раҳбардир. Ҳар бирининг ўзига яраша юки, хизмати ва масъулияти бор. Бу вазифаларни бажариш асносида аёлларда турли хил вазиятлар, ҳолатлар, қийинчиликлар юз бериши табиий.

Аёлларга хос муҳим жиҳатлардан бири бу уларнинг ҳиссиётли эканликлари. Шу боис ҳам улар кўпинча депрессив (тушкунлик) ҳолатида бўладилар. Оддий вазиятларда ҳам ўзларини қўлга ололмай қолишади.

Депрессия – бошдан кечирилган стресс, йўқотишлар, ғам-қайғуларнинг оқибати. Бу ҳолат батамом соғлом инсонларда ҳам кузатилади.

Аёлларнинг вақти-вақти билан диққат бўлиши, ғамгин бўлиши уларнинг психологиясига ҳос. Аксариятида эса доимий равишда йиғлоқилик, диққатнинг тарқоқлиги, уйқусизлик ёки ҳаддан ортиқ кўп ухлаш, тез толиқиш, ҳаётий қизиқишларини йўқотиши, ёмон кайфият, бош оғриғи кузатилади.

Ушбу ҳолатларни дори-дармонсиз даволаш мумкин, лекин кўпчилик аёлларимиз психологга мурожаат қилишга уяладилар. Шу сабабли Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Кўмакка муҳтож аёлларга менинг ҳиссам”, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳалари доирасида Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати, психолог Озодахон Дадажонова тумандаги “Бирдамлик” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан депрессив ҳолатларнинг олдини олиш, ҳақиқий аёллик бахтини ҳис этиш, ўзгалар билан дарду ташвиши, қувончини бўлиша олиш асносида руҳий кечинмалари сокинлигини таъминлаш борасида суҳбатлашди. Оиласи, фарзандлари, яқинлари меҳру эътиборидан баҳраманд бўлиб яшаш, борига қаноат қилиш, яхши ният ва эзгу мақсадларга ишониш, ўзини рағбатлантира олиши лозимлиги тушунтирилди. Уларга  психологик кўмак берилди.

Зеро, аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади.

 Ўзбекистон  “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+