Боболаримиз жасорати ёшларга фахр-ифтихор бағишлайди

10.05.2021 11:05:39

Хотира – абадий, қадр – муқаддас. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда мазкур сўзлар жаранг сочади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фаҳрийларининг жасоратлари, фидойилиги эҳтиром билан тилга олинади.

Фарғона шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида қутлуғ айём муносабати билан ташкил этилган тадбир ҳам таассуротларга бой бўлди. Бир неча йиллар аввал мазкур мактабда таълим олган, ҳозирда турли соҳаларда меҳнат қилаётган битирувчилари – Ўзбекистон  “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш  раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов, Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Раъно Бойқўзиева иштирок этди. Ватан қаҳрамонларидан бири фарғоналик 92 ёшли Апас Кабаев  тадбирнинг азиз меҳмони бўлди. Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари улар билан мулоқот қилиб, ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.  Партия эсдалик совғаларини топширди.  

– Хотира миллат тарихини, унинг қадриятларини, маданияти ва маънавиятни, миллат ўзлигини  мужассам этадиган  буюк қадрият. Ватан озодлиги  ва  тинчлиги учун  жон фидо этган  боболаримизга ҳар қанча ҳурмат бажо этсак  оз, – дейди У.Сулаймонов ўз сўзида. –  Уларнинг  хотирасини абадийлаштириш,  нафақат  9 май санасида балки ҳар куни ёд этиб, ёнимиздагиларини йўқлаб, дуоларини олишимиз  лозим.  

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан уруш қанашчилари қаҳрамонликларига бағишланган куй-қўшиқлар ижро этилди.

Мазкур мактаб битирувчилари У.Сулаймонов ҳамда Р.Бойқўзиева ўзининг билими, салоҳияти, иқтидори ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ  ўқувчиларга эсдалик совғаларини тақдим этдилар.

– Биз ҳамиша  улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз, – дейди Сарвиноз Умарова. –Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати бизларни ватанпарварликка чорлайди. Диёримизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликни қадрлаш, юрт равнақи учун ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.  Уларга муносиб издош бўламиз.

М. Сулаймонов, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+