Болалар йод препаратлари билан бепул таъминланади

13.12.2021 16:12:59

Бугунги кунда инсон саломатлигини сақлаш масаласи ҳамма ерда кун тартибида олдинги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Айниқса, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган тахликали вазият тиббиётни янада ривожлантириш тўғрисида бош қотиришга мажбур қилиб қўйди. Мамлакатимизда ҳам бу борада қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ҳозирги давр талаби даражасига кўтаришга қаратилган ўнлаб қарор, фармон ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишларда муҳим вазифалар белгилаб берилди. Масалан, кейинги ойларда  хирургия, кардиология бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Ўтган ҳафтада эса  эндокринологияга доир  муаммолар диққат марказида бўлди.

Куни кеча сайловчилар билан навбатдаги учрашувни ўтказдим. Унда бошқа масалалар қатори аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида ҳам гап кетди. Мен юртбошимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилиши тафсилотлари ҳақида сўзлаб бердим. Эндокринология хизматини такомиллаштириш бўйича кўриладиган биринчи галдаги чора-тадбирлар белгиланганини айтдим.

Кейин сайловчиларнинг мулоҳазаларини тингладим. Улар келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) йилига камида бир марта манзилли эндокрин скринингдан ўтказиш, тиббиёт бригадалари ва поликлиникаларнинг 14 мингдан зиёд оилавий ва таълим муассасалари шифокорлари эндокрин касалликларни аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитилиши, ҳар бир тиббиёт бригадаси экспресс-тестлар ўтказиш учун глюкометр билан таъминланиши ҳақидаги вазифалар қўйилганини маъқулладилар.

Одамлар билан мулоқотлар асносида давлатимиз раҳбари белгилаган йўналишлар тўғрилигини таъкидладилар. Тиббиёт ходимлари, айниқса, раҳбарлар масъулиятни ҳис этиб ишлашлари кераклиги қайд этилди. Фикримизча, эндокрин касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестрини жорий этиш, яхши самара беради. Бир қатор харажатларни давлат ўз зиммасига олиши ҳам катта аҳамиятга эга. Хусусан, келгуси йил 1 июлдан 2 миллион нафар аёллар, 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан бепул таъминланади,  қандли диабет учун метформин препарати 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади.

Аммо иш шу билан тўхтаб қолмайди. Янги йил бошида давлат раҳбари тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказади. Бу тадбир асносида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида ечимини кутаётган масалалар эътибор марказида бўлади. Албатта, уларни ҳал этиш чоралари кўрилади, деб ўйлаймиз.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

халқ депутатлари

Косонсой туман кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+