Болалар китобхонлиги: муаммо ва вазифалар

02.12.2020 15:12:02

 

Kитоб - axборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси, билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли, бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиёт. Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига кўра 48 саҳифадан кам бўлмаган, нодаврий нашрни китоб деб номлаш қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида китобхонлик маданиятига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замирида ўз фикри ва дунёқараши, фаол фуқаролик позициясига эга билимли ва маънавиятли ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш вазифаси ётади. Шу боисдан ҳам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги Ф-4789-сонли фармойиши ва 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПК-3271-сонли қарори “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши  халқимиз ва ёшларимиз маънавий дунёсини бойитиш, китобхонлик маданиятининг жамият хаётидаги ўрни ва ролини янги боскичга кўтаришга қаратилган муҳим  хужжат экани билан аҳамиятлидир. Қарорда соҳамиз олдида турган муаммолар, долзарб вазифалар борлиги ва уларни кенг кўламда ҳал килиш зарурлиги очиқ-ойдин белгилаб берилган. Айниқса, халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий эстетик талабларига мос келадиган китобларни сифатли чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ҳамда мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш, уларни ижтимоий тармоқларда тарғиб этиш, фарзандларимизни болаликдан бошлаб адабиётга ошно этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Аммо кейинги вақтларда айрим ўқувчи ёшлар китоб мутолаа қилиш ўрнига бўш вақтларини кўпрок телевизор кўриш, компьютер воситалари ҳамда интернет тармоқларидан нотўғри тарзда фойдаланиш билан банд бўлмоқда. Бундай муаммоларни олдини олишда аввало оилада ота-оналар, кейинчалик мактабларда ўқитувчи ва кутубхоначилар ташаббускор бўлмоғи  зарур. Лекин бунинг учун фақат компьютер воситалари ҳамда интернет тармоқларини айблаб бўлмайди. Чунки интернет кишини мутолаадан айирувчи  восита эмас. Аксинча  фойдаланувчи ўқувчилар интернет тармоқларидан ҳам зарурий манбалар ва электрон  ҳамда овозли  адабиётларни  топиб  фойдаланишлари  мумкин.

XXI-аср болалар китобхонлигидаги юзага келаётган  баъзи муаммоларни олдини олиш ва вазифаларни бажаришда қуйидаги чора тадбирларни амалга ошириш  билан  ҳам  юқори  натижаларга эришиш мумкин:

  • Болада китобхонлик маданиятини шакллантириш авваломбор оилада ота – оналарга боғиқ. Бунинг учун бола мансуб бўлган жамият, муҳит китоб ўқишга мойил бўлиши зарур.
  • Китобхонликни тарғиб қилиш учун ўқитувчилар томонидан синфлар кесимида болалар ёшига мос асарлар рўйхати тузилиб, ота-оналарга тарқатилиши зарур.
  • Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга худудлардаги кутубхоналар ҳақида ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш, улар билан ҳамкорликда тадбирлар уюштириш ва тадбирларда доимий фаол иштирок этиб келаётган ўқувчиларни рағбатлантириб бориш, китобхонликни тарғиб қилишда янги нашр қилинган асарлар тарғиботини (рекламасини) кенг йўлга қўйиш, мутолаани оммалаштириш бўйича ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш йўли билан китобхон ўқувчилар сафини янада кенгайтириб боришимиз  мумкин.

Бугунги ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда барчамизга аёнки, XXI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқараяпти. Бугунги мураккаб ҳамда таҳликали замонда одамларни эзгуликка, инсоф диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган асарларга эҳтиёж катта. Бу борада ёшларга мўлжалланган, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол авлод бўлиб улғайишларига таъсир кўрсатадиган китобларни нашр қилиш, қисқача айтганда, китобхонлик, мутолаа маданиятини болаликдан бошлашга эътибор қаратиш замон талабидир. 

Аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмаган. Чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими суст ривожланган, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаган. Таълим ва маданият муассасалари учун китоб харид қилишга маблағлар етарли даражада мавжуд бўлган манбалар ҳисобидан жалб этилмаяпти, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирлар етарли эмас.

Шахноза АХМАТОВА,

Самарқанд вилоят ахборот-ресурс маркази, “Мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларга хизмат кўрсатиш” бўлими мудири, партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+