Болалар соғлиғини сақлаш барчанинг диққат эътиборида бўлиши зарур

16.04.2021 18:04:52

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят болалар стоматология поликлиникаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан ҳамкорликда партиянинг "Ёшлар саломатлиги-партия эътиборида" лойиҳаси доирасида Термиз туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабида ота-оналар ва ўқувчилар иштирокида болаларда ясситовонлик, сколиоз, стоматологик касалликларининг олдини олиш бўйича давра суҳбати ўтказилди.    

Тадбирда партия вилоят ҳамда Термиз туман Кенгашлари вакиллари, депутатлар, партия фаоллари, соҳа мутахассислари, мактаб педагог-ўқитувчилари ҳамда ота-оналар кенг жамоатчилик қатнашди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон “Адолат”  СДП томонидан сайловолди дастурида илгари сурилаётган энг муҳим масалалар тўғрисида қисқача тўхталди.

Тадбирда сўзга чиққанлар айни кунда тиббиёт соҳасида халқимизни қийнаб келаётган долзарб муаммолар алоҳида ўрин эгаллаганлигини таъкидладилар.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда республика миқёсида 80 фоиз болаларда стоматологик касалликлар аниқланган. Мамлакатимизда мазкур касалликнинг олдини олиш, профилактикасини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Шунга қарамасдан, бирламчи звенодаги стоматологлар фаолияти назорат қилинмаслиги, соғломлаштирилган болалар (санация даражаси) давлат статистика томонидан ҳисобга олинмаслиги, болалар стоматологик касалликларининг профилактикасига деярли маблағ ажратилмаслиги каби муаммоларга эътибор қаратилмасдан келинмоқда.  Шунингдек, ҳудудлардаги стоматологларнинг болаларга кўрсатадиган ёрдамининг даражаси қониқарли эмас. Ҳозирга қадар бу масалада ҳеч қандай иш амалга оширилмасдан, мактабларда тиббиёт хоналарида стоматолог штати жорий  этилмасдан ва молиялаштириш масалалари белгиланмасдан келинмоқда.

Тадбирда мазкур муаммолар хусусида фикр-мулоҳаза юритилиб, бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш (ясситовонлик, сколиоз) стоматологик касалликлар билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчилик эътиборини жалб этмоғи лозимлигига урғу берилди.

Раҳматулла Норбоев, Вилоят болалар стоматология поликлиникаси бўлим бошлиғи, Олий тоифали шифокор:

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар стоматологияси соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Негаки, мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар бирор касалликка чалинганида уларнинг ўз вақтида даволанмаслиги нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Мамлакатимиз бўйлаб тиш кариесига қарши курашиш, болалар стоматологияси юзасидан бир мунча ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, бу талаб даражасида эмас. Ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларида мазкур кўрсаткич 11,4 фоизни ташкил этади. Албатта, бу ҳолат болаларда тиш касалликларининг олдини олишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кариес тарқалиши ва унинг салбий асоратлари 4-7 ёшдаги болаларнинг 93 фоизи; 8-12 ёшдаги болаларда — 86; 13-18 ёшдагиларнинг 74 фоизида кузатилганлиги бу борада жиддий иш олиб бориш лозимлигини англатади. Шуларни назарда тутиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан амалиётга йўналтирилган “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Сурхондарё  вилоят партия кенгаши билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди

Партия лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарлар умумтаълим мактабларидаги стоматологик тиббий хизмат аҳволини ўрганиб чиқиш мақсадида ҳамкорликда ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу ишчи гуруҳлари томонидан вилоятимизнинг умумтаълим мактабларидаги стоматологик тиббий хизмат сифати, стоматология хоналари, уларнинг жиҳозланиши чуқур ўрганиб чиқилди. Аммо, жуда оз сонли мактабларда стоматологик билимлар мавжудлигига амин бўлдик.  Ўрганишларда вилоятимизда болалар ва ўсмирлар ўртасида кариес тарқалиши даражаси 65 фоизни ташкил этаётганлигининг гувоҳи бўлинди..Ишчи гуруҳ аъзолари ота-оналар билан суҳбатлар олиб бориб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Вилоятимизда 500 дан ортиқ умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда. Ишчи гуруҳларининг мазкур муассасалардаги мулоқотлари, ҳамкорликдаги учрашувлар натижасида  вилоятнинг барча умумтаълим мактабида стоматолог хонаси ташкил этиш ва унинг фаолиятини жонлантириш хусусида таклифлар билдирилди.

Тадбир давомида фикрлашув, мавжуд масалани атрофлича ўрганиш, таҳлил қилиш орқали муаммо юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Шулардан келиб чиқиб, ҳар бир туманда “Болалар стоматология поликлиникалари” ва умумтаълим мактабларида стоматология хоналари мунтазам ишлаб туриши юзасидан таклифлар берилди.

Жондан азиз фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун барча зарурий чора-тадбирларни белгилаб, партия фаолларининг тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликдаги тадбирларни фаол давом эттириши келажак давомчиларининг соғлом шаклланишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+