Болаларимизга китоб ўқишни ўргатайлик

18.12.2023 09:12:33

Китоб – билим булоғи, тафаккур қаноти. Китоб – ақлни чархлайди, фикрни бойитади, маънавиятни юксалтиради. Шунинг учун ҳам инсон тафаккурини кенгайтириш, онгу шуурига эзгулик уруғини сочишда китобнинг ўрни беқиёс.
Демак, бугун ёш авлоднинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга қаратилган ишлар кўламини янада кучайтириш зарур. Ҳақиқатдан, қадим-қадимдан ота-боболаримиз бола тарбиясида, айниқса, уларнинг камолоти, фаровон ва мазмунли ҳаётида китобнинг ўрни муҳим эканини бот-бот такрорлашган. Негаки, китоб ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтиради.
“Ҳозир ҳеч кимни ҳеч нарса билан ажаблантиролмайсиз. Ҳамманинг қўлида биттадан телефон, бошқа ҳеч нарса керак эмас...", - деган аччиқ гапларига урғу берган ҳолда, демоқчи бўлганим, бу ҳолат чиндан ҳам болаларимиз, невараларимиз у ёқда турсин, ҳатто ўзимиз ҳам ҳар бир кунимизни, ҳар бир дақиқамизни уяли алоқа телефонисиз тасаввур қилолмай қолдик. Гарчи китоб ўқишга вақт тополсак ҳам гўёки, вақт йўқдек... Қандай йўл тутсак оилаларимизда, мактаб ва маҳаллаларимизда, умуман олганда, жамиятимизда китоб ва китобхонликка қизиқишимизни оширишимиз мумкинлиги - бугунги кун давр талаби бўлиб қолди. Бунда албатта оила билан боғча, мактаб ҳамкорлигини кучайтириш биринчи галдаги вазифаларимиздандир.
Оилада боғча тарбиячисига, мактабда устози айтганларига қулоқ тутадиган болаларимизга, невараларимизга, аввало ота-оналар китоб ҳақида эртаклар айтиб бериши, китоб харидини кўпайтириши, ҳар бир боланинг ёшига мос китоблардан совға қилиши мақсадга мувофиқдир.
Китоб чиқариш, игна билан қудуқ қазишдек гап. Шунинг учун китобларимиз, айниқса, яхши, ўқимишли китобларнинг нархи ўзига яраша баландроқ. Бироқ, ота-оналаримиз, ҳар биримиз китоб сотиб олишимиз, болаларимизга энг аввало, ўзимиз ўрнак бўлишимиз, бу борадаги ишларимизни тубдан яхшилашимиз, ўзимиз ҳам нуқул телефонга берилмасдан, китоб ўқисаккина, фарзандларимиз ҳам биздан намуна олишади. Зеро бу хатти-ҳаракатларимиз келгусида болаларимиз тарбияси учун жуда катта аҳамиятга эга.

Самарқанд вилояти Муҳиба Бабабекова, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+