Болаларнинг болалигини ҳеч ким тортиб олмасин

28.11.2023 09:11:58

Болалар аҳолининг, шубҳасиз, энг ҳимояланмаган ва заиф қисми ҳисобланади, улар катталарга буткул қарам бўлганликлари сабабли ҳам яқин қариндошлари, лоқайд қўшнилар ва бошқалардан зўравонликнинг барча шаклларидан зарар кўрадилар. Интернет тармоқларидан олинган хабарларга кўра, бугун дунёда таълим олиш имконига эга бўлмаган болалар сони 258 миллион нафарни ташкил этади. Қолаверса, ҳар сонияда қанчадан-қанча болалар зўравонлик қурбонига айланадилар.

Кўриниб турибдики, бундай глобал муаммолар болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, уларнинг сифатли таълим олиши, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари йўлида кўплаб муҳим вазифалар бутун дунё ҳамжамияти олдида кўндаланг бўлиб турибди.

Албатта, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қувонарлиси улар қонунлар орқали мустаҳкамланмоқда. Айниқса, болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказишнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни янада кучайтириш бўйича “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бу борада қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди десам янглишмайман.

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутатлари ҳамкорилигида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам айни шу масалалар муҳокама этилиб, “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти тарғиб этилди, фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўрганилди.

Тадбирда таъкидланганидек, болаларга зўравонлик дейилганида биргина болаларга жисмоний ёки жинсий зўравонликни тушуниш билан чегараланиш мумкин эмас. Ҳатто ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва буллинг ҳолатлари ҳам энди кечирилмайди. Яна боланинг ҳаёти ва соғлиғи бевосита хавф остида қолганда ваколатли орган болани ота-онадан ёки уларнинг биридан, ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олишга ҳақлиги эканлиги қонун йўли билан мустаҳкамланмоқда. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига кескин ва муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Болаларни асрайлик, меҳр берайлик. Улардан том маънода болалигини тортиб олмайлик. Зеро, болаларга нисбатан қилинаётган ҳар қандай зўравонликнинг олдини олиш ҳар бир сиёсий куч фаолининг масъулияти эканини унутмайлик. Бу борада фарзандларимиз учун ҳам зарур маълумотларни бериб бориш, жабрланганларни қўллаб-қувватлаш орқали болалар учун хавфсиз ва ҳимояланган муҳит яратишимиз лозим.

Муҳиба Бабабекова,
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+