Бўлажак ҳарбийларнинг ватанпарварлик туйғулари оширилди

28.05.2024 16:05:02

Маълумки ҳозирга кунда мамлакатимиз бўйлаб маънавий-маърифий, сиёсий тадбирларни самарали ташкил этиш қизғин паллага кириб бормоқда. Айниқса, юртимизнинг барча гўшаларида «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош шиор жаранглаётгани барчага ватанпарварлик ва ишчанлик кайфиятини улашмоқда.
Куни-кеча Ўзбекистон Фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Хоразм вилоят ҳамда Урганч шаҳар бўлимлари томонидан Хоразм вилоят «Жалолиддин Мангуберди» номли ҳарбий академияда «Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун» шиори остида «Уч авлод учрашуви» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирга вилоятда фаолият юритаётган кўплаб ташкилот вакиллари, ҳозирги кунда орамизда ибрат мактаби тимсолида умргузаронлик қилаётган меҳнат фахрийлари ҳамда мазкур муассасада таълим олаётган ёшлар, ўқитувчилар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида нотинч вазият туфайли инсонлар азият чекаётган бир шароитда юртимиздаги одилона сиёсат туфайли хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминланаётгани ҳар биримиз учун қувонарли экани бир қанча ҳаётий мисоллар билан эътироф этилди ва ёшларга қарата юртимиз тинчлиги ва тараққиёти учун масъул эканига, юрт дарди билан ёниб яшашга даъват этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитларнинг барчаси инсон қадр-қиммати учун хизмат қилаётгани, қадри ва қадди баланд меҳнат фахрийлари тинч ва фаровон ҳаётда яшаётганидан фахрланиб гапиришди. Нуронийлар, меҳнат фахрийлари босиб ўтган машаққатли ва ибратли умр йўллари тўғрисида ёшларга гапириб беришди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, шоира Замира Абдуллаева мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли фуқаролик жамияти қуришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгани, бу эса ўз навбатида халқаро майдонда Янги Ўзбекистонимизни муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилаётгани хусусида сўз юритди. Шунингдек, келгусида «Нуронийлар» жамғармаси Хоразм вилоят бўлими билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ишонч билдирди ва ижодига мансуб бўлган «Маънавиятга талпинган юрак, «Фарзандларимга» номли шеърлари иштирокчилар эътиборидан жой олди.
Тадбир сўнгида Урганч шаҳридаги 5-сон умум таълим ўрта мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, «Ватан», «Она», «Ўзбекистоним» мавзусидаги қўшиқлари, воҳага танилган ижодкор шоирларнинг ўз ижодидан ўқиб берган шеърлари тадбирга кўтаринкилик бағишлади.
Учрашув сўнгида фаол иштирокчилар ташаббускорларнинг эсдалик совғалари, китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.
Воҳада бу каби тадбирлар давом этмоқда.

Гулора ИСМОИЛОВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
Бош мутахассиси
.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+