Бўлажак тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот

26.04.2022 17:04:55

Жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида  Педиатрия тиббиёт институтида “Тиббиёт» ходимлари билан очиқ мулоқот” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, тиббиёт муассасалари ходимлари, партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, “Ёш адолатчилар”, “Аёллар қаноти” ҳамда “Ёшлар парламенти” аъзолари ва ОАВлар ходимлари иштирок этди.

Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбарлиги остида жорий йилнинг 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда сўнгги йилларда хорижий тажриба асосида бу соҳада катта ишлар қилинганлиги, тиббиётга ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилгани таъкидланган эди. Шу асосда ўтган беш йил ичида шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш соҳасини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллордан зиёд маблағлар жалб қилинди. Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини яхшилашга эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳаллада хонадонбай ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда одамлар шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даъволаш учун энг зарур дориларни оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда. Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингга ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий ташҳис аппаратлари билан таъминланди. Эҳтиёжманд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича очиқ ва шаффоф тизимга ўтилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар шу хусусда сўз юритар эканлар, ҳали олдинда турган вазифалар кўлами кенглигини ва тизим ривожи учун кўп ишлар амалга оширилиши лозим эканлиги айтиб ўтилди. Тадбир кириш сўзини бошлаб берган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти ректори Даминов Ботир Турғунпўлатович тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, замонавий билим ва малакага эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилиб, сўнгги беш йилда 6 та тиббиёт олий таълим муассасалари молиявий, 8 таси академик мустақилликка эга бўлганини, қабул квоталар сони эса 4 баробарга ошганлигини мамнуният билан қайд этди.

Тадбир давомида иштирокчилар тиббий таълимни ривожлантириш, малакали кадрлар сони ва сифатини ошириш, талабалар ўқув методикасини бугунги кун талабига жавоб бера оладиган қилиб замонавий ташкил этиш бўйича ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Шунингдек, савол-жавоблар ҳам ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоблар олишди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+