Бўлажак юрист танловнинг республика босқичига йўлланма олди

29.11.2023 13:11:47

Аввал хабар берганимиздек, партия ташаббуси билан юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг қизиқиши ва эътирофига сабаб бўлиб келаётган “Конституция билимдони” кўрик-танлови барча жойлардаги каби воҳамиз бўйлаб ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб келаётгани қувонарлидир.

Урганч шаҳар 2-сон болалар ва ўсмирлар мусиқа мактабида бўлиб ўтган танловнинг Хоразм вилоят босқичи иштирокчиларнинг фаоллигида юқори даражада бўлиб ўтди.

Танловга шаҳар ва туман босқичларидан ғолиб бўлган иштирокчилар танлов шартлари бўйича беллашдилар.  

Иштирокчилар кўрик-танлов Низомига асосан, учта яъни “Таништирув”, “Савол-жавоб” ҳамда “Эркин мавзу” шартлари бўйича беллашдилар.

Танлов шартларини тегишли соҳа вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари холисона баҳолаб боришди.

Танлов шартларини аъло даражада бажариб, барчани эътиборини тортган Урганч туманидаги юридик техникум ўқувчиси Дилрабо Эгамова ғолиб деб топилди ва кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

2-ўринга Гурлан туман 3-касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Мафтуна Қўшимметова, 3-ўринга Янгибозор туман 2-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Анбаржон Бекназаровалар лойиқ деб топилди. Қолган иштирокчилар танловнинг фаол иштироки учун турли номинацияларга эга бўлишди.

Дилрабо Эгамова, танлов ғолиби:

– Кўрик- танлов партия сайловолди дастури билан яқиндан танишишимга, Конституциямиз ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги билимларимни мустаҳкамлашга имконият яратди. Танлов жараёнида дўстлар орттирдим. Ўз истеъдодимга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди. Конституцион билимларимни янада мустаҳкамлашни давом этиб, танловнинг республика босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритишга ҳаракат қиламан. Келгусида партия фаоллари билан елкама – елка туриб юртимиз тараққиётига муносиб ҳиссамни қўшаман.

Одамбой Абдуллаев, Хоразм вилоят мусиқали театри режиссёри, ҳакамлар ҳайъати раиси:
- Бир-биридан билимли ва зукко иштирокчиларнинг танлов шартларини бажаришдаги маҳоратларини кўриб қойил қолдик. Ғолибни аниқлаш жуда қийин кечди. Кўрик-танлов жуда ўринли ташкил этилган бўлиб, унинг келажаги порлоқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбир ва кўрик-танловлар янги Ўзбекистонимизни билимли, кенг дунёқарашли ва ватанпарвар ёшлар билан бирга қуришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+