Болажонлар учун бебаҳо туҳфа

06.06.2022 15:06:29

Беғубор кулгилари самимий, нурли юз болажонларнинг бахтиёр чеҳраси қанчалар гўзал. Улар ҳаётимизга мазмун, жонимизга оро, қалбимизга қуёш каби қувонч улашадилар. Биргина табассум билан ғамларни унутишга, мақсадлар сари дадил одимлашга ундайди.

Эртамиз эгаларининг соғ-саломат униб ўсиши, бахтли бўлишлари учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилмоқда. Уларнинг таълим олиши, саломатликда униб-ўсишига қаратилган ислоҳотларнинг барчаси жамият учун муносиб келажак авлодни камол топтиришга қаратилган. Оиланинг давомчилари, Ватанимизнинг таянчи ва суянчи бўлган ўғил-қизларимизнинг жисмонан соғлом бўлиши эса ҳар биримиз учун ҳам жуда муҳимдир. Уларга ўз меҳримизни улашиш билан бирга, саломатликлари йўлида саховат тадбирларининг фаол иштирокчиси бўлиш ҳам талаб этилади.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан Фарғона шаҳридаги қон қуйиш марказида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида донорлик акцияси ўтказилди. Унда партия фаоллари, Халқ депутатлари шаҳар-туман Кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотлар саховатпеша инсонлар иштирок этди. Акция давомида топширилган қон онкология ва гематология марказларида даволанаётган болалар ҳамда бахтсиз ҳодиса туфайли кўп қон йўқотган инсонлар ҳаётларини сақлашга хизмат қилади.

- Мен биринчи марта қон топширишим, – дейди партия ходими Дилноза Эрматова. – Эртамиз эгаларининг саломатлигини тиклашга оз бўлсада ҳиссам қўшилса, ўзимни жуда бахтиёр ҳис қиламан. Чунки мен ҳам онаман. Фарзанди бемор бўлган оналарнинг дардини қалбан ҳис қиламан.

Ҳар бир инсоннинг берган беминнат ёрдами кимнингдир умрини сақлаб қолиши ва ҳаётга қайтишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай эзгу амаллар ҳеч қачон жавобсиз қолмайди.

- Байрам муносабати билан болажонларга мен ҳам ўз «совға»мни ҳадя этишни хоҳладим, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, катта лейтенант Аҳлиддин Алижонов. – Ахир бежизга айтишмаган, боланинг бегонаси бўлмайди. Улар соғ-саломат бўлишса, эртамиз ёруғ, истиқболимиз порлоқ бўлади.

Партиянинг «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги тадбири вилоятнинг Фурқат туманидаги қон қуйиш марказида ҳам ташкил этилди. Унда Фурқат, Ўзбекистон, Бувайда, Боғдод туманлари ҳамда Қўқон шаҳар Кенгаши раислари, депутатлар ва кўнгилли донорлар фаол қатнашдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Фарғона вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+