Болажонларга янги йил кайфияти улашилди

26.12.2022 13:12:24

Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали ҳамкорлигида мазкур даво масканида даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари учун партиянинг «Бор меҳримиз сенга болажон!» лойиҳаси доирасида янги йил байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирга партия фаоллари, депутатлари, шифокорлар, Хоразм вилоят Огаҳий театри вакиллари, Урганч шаҳар Маданият бўлими санъаткорлари, марказда даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали директори Тоҳиржон Палванов кириш сўзи билан очиб берар экан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, тиббиёт соҳасига қаратилган ва яратилган имкониятларнинг негизида инсон манфаатлари ва қадр-қиммати мужассам экани тўғрисида гапирди. Шунингдек, айни кунларда халқимиз томонидан илиқ кутиб олинган Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси, 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб номлангани ҳам инсонлар қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятли экани хусусида гапирди.

Шундан сўнг болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида партия фаоллари, депутатлар ҳамда онколог шифокорлар ҳомийлигида ташкил этилган янги йил совғалари Қорбобонинг эркакнамо қизиқарли ҳангомалари билан болажонларга улашилди.

Ўғилжон Мирзаева, тадбир иштирокчиси:

- «Мағзи болдан ширин» деган иборани нечоғлик тўғри эканини набиралик бўлганимдан кейин тушуниб етдим. Айниқса, фарзандинг ёки набиранг бетоб бўлиб қолса, кўзингга дунё қоронғи кўринар экан. Инсонни қадрлаш туйғусини бизга меҳрибонлик кўрсатаётган шифокорларнинг оқибатида кўрдим. Бугун юзимизга табассум бахш этган Тохиржон Палванов раҳбарлигидаги шифокорлар жамоасига, партия фаолларига, депутатларига раҳмат. Инсонлари қадр топган юртда яшаётганимиздан шукрона билдирамиз.

Тадбир болажонларнинг шеърлари, санъаткорларнинг дилтортар куй – қўшиқларию рақсларга уланиб кетди.

Болажонлар юзларидаги табассум оналарининг, бувижонларининг юзларига кўчиб ўтганини, уларнинг бундай эътибордан кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, ҳаётга бўлган завқи, келажакка бўлган ишончи янада ошганини кўриб, беихтиёр, Алишер Навоий бобомизнинг умри бўйи амал қилган «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай» шиори кўз олдимизда гавдаланди.

Меҳри уммон, саховатпеша халқимиз бор экан, юртимизда инсон қадр-қиммати юксалиб бораверади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+