Болажонларнинг қувончи-энг улуғ саодат!

01.12.2023 16:12:32

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш марказида “Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Айтиш жоизки, “Адолат” социал-демократик партияси томонидан мазкур акция ҳар йили икки марта ўтказиб келинмоқда. Ушбу шиор остидаги тадбир юзлаб кишиларни қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли иш учун бирлаштиради.

Эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, партия аъзолари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа турли соҳа вакиллари иштирок этди.

Мазкур донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад партиянинг аҳоли саломатлигини сақлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш ва шу орқали тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир. Бундан ташқари, акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларининг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ўз ичига қамраб олади.

 

Мирзоҳид Ўроқов, вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори:

— Дард юрагимиз бир парчаси, фарзандларимиз ҳаётига чанг солганда бутун дунё кўзимизга тор кўринади. Шундай дамларда дард ва изтироб чекаётган инсон биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан ҳам нажот кутади. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдим.

Айтиш жоизки, акцияда қатнашган кўнгилли донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир. Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донор бўлишдек савобли ишда иштирок этдилар.

Касалликларининг ўз вақтида аниқланиши, замонавий кимёвий терапияларнинг ўтказилиши натижасида беморларда кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади, Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирнинг анъанавий тарзда давом этиши барчани беҳад қувонтиради.

Шунингдек, хайрия акцияси бўйича тиббиёт ходимларидан иборат тиббий сайёр гуруҳи ҳам ташкил этилиб Сурхондарё вилояти Жануби ғарбий махсус ҳарбий округи 11506-ҳарбий қисмида кўнгилли ҳарбийлар ҳам бемор болажонлар учун қон топширдилар. Мазкур беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган ҳарбий хизматчи ва ходимлар ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Саъдулла Эшимбетов, 11506-ҳарбий қисм III- даражали сержанти, кўнгилли донор:

-Бу ердаги кўнгиллилар сафида туриб бемор болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишни мақсад қилиб мен ҳам донор бўлишга аҳд қилдим. Қон таҳлилларим олингач, донорлик қила олишим мумкинлигини айтишди. Эзгу ишга ҳисса қўшганимдан мамнунман. Аслида бизнинг барча эзгу мақсадларимиз, амалга ошираётган ишларимиз замирида фарзандларимизни соғлом ва баркамол вояга етказиш мақсади мужассам.

Акция иштирокчилари таъкидлаганидек, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик — кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Тадбир давомида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+