Бор меҳримиз сенга, болажон!

01.12.2023 16:12:49

Дунёда болажонларнинг ширин кулгиси ва қувончини ҳеч нарсага таққослаб бўлмайди. Болажонларнинг биргина кулгиси учун борини беришга тайёр халқимиз бор. Аслида бизнинг барча эзгу мақсадларимиз, ҳаракатларимиз замирида фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етказиш мақсади мужассам.

Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурғак қалбларига ёруғлик ато этиш истагида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши ташаббуси 8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишлаб вилоят қон қуйиш марказида партиянинг “Бор меҳримиз сенга болажон” лойиҳаси доирасида навбатдаги беғараз донорлик хайрия акцияси ташкил этилди.
Ушбу акцияда партия вилоят Кенгаши ходимлари, депутатлар, вилоят Миллий гвардия ходимлари, турли соҳа вакиллари ҳамда кўнгиллилар иштирок этдилар. Акцияни биринчилардан бўлиб, партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов бошлаб берди.

Партия вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган қон топшириш акцияси фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Фуқаролар томонидан топширилган қонлар вилоят гематология марказига, вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам марказига, вилоят касалхоналарига жўнатилади. Хайрия акциясида тўпланган қонлар қайсидир болажоннинг ҳаётга қайтишида, яна кимнингдир шифо топишида улкан ҳисса қўшиши шубҳасиз.

 Ҳар йилда анъанавий икки маротаба ўтказиладиган қон топшириш акциясида фарзандларимизнинг саломатлигига бефарқ бўлмай, уларнинг ҳаётини сақлаб қолишда фуқароларимиз фаол иштирок этмоқдалар. Қувонарлиси, йилдан-йилга ушбу ташаббусни қўллаб-қувватловчилар сафи кенгайиб бормоқда.

Моҳигул Раҳимқулова,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+