Бугун, 23 июнь – Халқаро Олимпия куни

23.06.2024 17:06:43

1894 йил айнан ушбу санада Халқаро Олимпия қўмитасига асос солинган.

Шундан бошлаб, мазкур байрам бутун дунёда тинчлик ва саломатлик элчиси сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Мамлакатимизда ҳам ушбу сана ҳар йили ўзгача тарзда қарши олинади. Жойларда оммавий спорт тадбирлари ташкил этилади. Югуриш мусобақалари уюштирилади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай жамият ривожланишининг асоси бўлган аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашда соғлом турмуш тарзи ҳамда спортнинг ўрни беқиёсдир. Боиси, спорт нафақат жисмоний саломатликни мустаҳкамлаш, балки инсоннинг руҳий ҳолатини яхшилаш, ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш ва пировардида барқарорлик ҳамда тараққиётга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, ўзининг дастурий мақсадларида аҳоли саломатлигини сақлаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи ва спортни кенг оммалаштириш, ўзаро бирдамлик, барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаётган сиёсий куч сифатида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, унинг бир миллион нафардан зиёд аъзолари учун ушбу сана ўзгача аҳамиятга эга.

Айниқса, спорт ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан баркамол вояга етиши, мамлакатни дунё миқёсида танитишнинг энг самарали воситаларидан биридир. Бу борада мамлакатимиз спортчилари халқаро чемпионатларда эришган ютуқлари билан нафақат ўз номларини, балки Ватанимизнинг шон-шуҳратини ҳам юксакларга кўтаришмоқда.

Бугунги байрам муносабати билан, барча спортчиларимизга, мураббийларимизга ва спорт ихлосмандларига мустаҳкам соғлиқ, янги зафарлар тилаймиз!

Жонажон Ўзбекистонимиз байроғини халқаро ареналарда янада баланд ва мағрур кўтаришингизда омад доимо ёр бўлсин!

Робахон МАХМУДОВА,
Сиёсий Кенгаш раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+