Бугунги давр барчамиздан огоҳликни талаб этади

29.02.2024 15:02:35

Бугун барчамиз “Ахборот-технологиялари асри” деб ном олган ХХI асрда яшаяпмиз. Барчамиз учун компьютер ёки мобил телефонлар янгилик бўлмай қолди. Шу сабабли кундалик ҳаётимизни ахборот алмашинуви, хусусан, интернет тармоғисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда мобил телефони кириб бормаган хонадон, интернет ҳақида билмайдиган инсонлар орамизда бўлмаса керак. Чунончи, юртимизнинг энг чекка ҳудудлари, қишлоқ ва овулларида ҳам истиқомат қилувчи ватандошларимиз интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Боиси, кундан-кунга мобил алоқа воситаларининг янги-янги турлари ишлаб чиқарилиб, юртимизга кириб келмоқдаки, улардан нафақат суҳбатлашиш, балки телевидение, радио ва интернет воситаси сифатида фойдаланиб, дунёнинг турли давлатларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан баҳраманд бўлаяпмиз. Бироқ, яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ахборот технологияларининг бу тарзда жадаллик билан тараққий этиши дунёдаги глобаллашув жараёнларининг фаоллашувига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, диний экстремизм ва терроризм, миссионерлик, одам савдоси сингари жирканч иллатларнинг илдиз отиши, ер юзида тарқалиб бориши, қолаверса бундай иллатларнинг юртимизга кириб келиб, ватандошларимизни ҳам ўз домига тортиб бораётганлиги, халқимиз тинч-тотувлигига рахна солиб, биз учун жондан азиз бўлган ёшларимизнинг онгига, ёрқин келажаги ва истиқболига рахна солаётганлиги барчани бирдек хавотирга солиши табиий.
Хусусан, сўнгги йилларда интернетда пайдо бўлган айрим бузғунчи сайтлар жаҳон аҳлини ташвишга солиб келаётган, муқаддас Ислом дини ниқоби остида иш юритаётган ёвуз қора кучлар, қўпорувчи ва жангари гуруҳлар, диний-экстремистик оқимларнинг қуролига айланганлиги барчамизга маълум. Ачинарлиси, бу борада жойларда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот тадбирлари орқали аҳоли ва ёшлар ўртасида тушунтириш ишларининг мунтазам ташкил қилиб борилаётганлиги, шунингдек, телевидение ва радио орқали эшиттириш ва кўрсатувлар берилаётганлигига қарамай, гоҳ-гоҳида бўлса-да, юртдошларимиз орасидан билиб-билмай бундай оқимлар таъсирига тушиб қолаётган кимсаларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, уларнинг аксарияти ёшлар эканлиги барчамизни янада ҳушёр тортишга ундамоқда.
Шу сабабли турли йўллар билан юртимизга кириб келаётган, бизнинг маънавиятимиз ва маърифатли халқимиз учун ёт бўлган ғоялар ва оқимларнинг таъсиридан меҳнаткаш халқимиз, айниқса, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизни, ёшларимизни асрашимиз, ўзлигимизни ва юртимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириш барчамизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифа эканлигини яна ёдга солади.
Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратсак. Баъзан айрим ёшларимизнинг кун бўйи интернет марказларида компьютерда жангари ўйинларни ўйнаб, миллий урф-одат ва маънавиятимизга зид бўлган фильмларни томоша қилиб ўтирганлиги, шунингдек, қимматбаҳо телефонларни сотиб олишиб, интернет орқали кимлар билан тинимсиз алоқада бўлаётганлигининг, оқибатда вақтларини бесамар ўтказишаётганликларини кўриб қоламиз. Бундай ҳолатларни кўрганимиздан сўнг уларнинг билиб-билмай жиноят кўчасига киришига, диний экстремизм ва одам савдоси сингари жиноятларнинг қурбонига айланиб қолишида ота-онанинг, маҳалла-кўй, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг эътиборсизлиги натижаси эмасмикан, деган саволлар туғилиши шубҳасиз. Боиси, жамиятимизда шундай оилалар ҳам учраб турадики, оила боши ҳисобланган ота-оналар фарзандларининг маънавий-маърифий ва ахлоқий тарбияси билан шуғулланиб, уларнинг юксак маънавиятли инсон бўлиб камолотга етишини таъминлаш, турли хил бадиий адабиётлар ва дарсликлар олиб бериб, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида турли тўгаракларга мунтазам қатнашини назорат қилиш ўрнига, фарзандига қимматбаҳо телефон ёки компьютер сотиб олиб бериб, ўз ихтиёрлари билан иш тутишларига имконият яратиб бераётганлиги, кун давомида қандай ишлар билан машғул бўлиши, кимлар билан мулоқот қилишаётганликлари билан қизиқишмайди. Натижада, назоратсиз қолган боланинг ўзи билмаган ҳолатда турли хил оқимлар таъсирига тушиб қолишига, энг ачинарлиси, ёш умрининг бевақт хазон бўлишига сабаб бўлади.
Гоҳида телевидение орқали баъзи ёшларимизнинг турли хил оқимлар таъсири оқибатида алдовларга учиб, ўзга юртларда хору-зор бўлганликлари, ўз халқи ва туғилиб ўсган юртига қарши бораётганликлари оқибатида ота-оналари ва яқинларининг эл-юрт олдида бошларини кўтара олмай, изтироб чекаётганликларини кўриб афсус чекасан. Бундай воқеаларни кўриб, бевосита, бундай кимсаларни онгсиз мавжудотларга, хусусан, ёниб турган шамга ўзини уриб, ҳалок бўлаётган парвонага ёхуд ўргимчак тўрига илиниб қолган ва жон талвасасида ундан қутулишга уринаётган, оқибатда, ўргимчакка озуқа бўлаётган жонзотларга ўхшатгим келади.
Шу сабаб, бундай салбий иллатларнинг илдиз отиб, аянчли оқибатларга олиб келишига йўл қўймаслигимиз, аввало, бепарволикка берилмаслигимиз лозим. Бир ўйлаб кўринг? Алдовларга учиб, бегона элларда сарсон-саргардон, хору-зор бўлган кимсалар қай биримизга ака-ука, оға-ини, яқин қариндош ёки киндик қонимиз тўкилган ушбу муқаддас заминда биз билан бир ҳаводан нафас олган, ўзбек деб аталмиш буюк номга, кўп асрлик бой ва буюк тарихга эга, кези келганда бутун дунёни ҳам ижодда, ҳам сиёсатда лол қолдирган халқнинг фарзанди, бир сўз билан айтганда ватандошимиз эмасми? Бу саволларнинг ечими қаерда?
Дарҳақиқат, барчамиз жаннатмакон юрт, мустақил диёр – Ўзбекистоннинг фарзандларимиз. Ватанимизнинг эртанги куни, тинчлиги ва халқимизнинг фаровонилиги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Бу бизнинг энг биринчи галдаги фуқаролик бурчимиз эканлигини ёддан чиқармаслигимиз даркор. Бу айни ҳақиқат. Боболардан бизга мерос бўлиб қолган бу она заминни манфур кимсаларнинг оёқости қилишига, минглаб йиллар тарихга эга бой маънавий ва маданий меросимизнинг топталиши, ёш авлоднинг таълим-тарбияси, ёрқин келажагига рахна солувчига иллатларнинг олдини олмоғимиз лозимдир. Энди, ҳеч биримизнинг бир-биримизга савол назари билан қарашга, бир-биримиздан айб ёки хато ахтаришга вақтимиз ҳам, ҳаққимиз ҳам йўқ. Шундай экан, фақат ва фақат ҳамкорликни янада кучайтириб, биргаликда тарғибот-ташвиқот тадбирларнинг самарадорлигини таъминлашимиз, жойларда жамоатчилик назоратини янада кучайтирмоғимиз, доимо огоҳ ва ҳушёр турмоғимиз шарт, деб ўйлайман. Чунки ҳушёр бўлган ҳеч қачон доғда қолмайди. Бугунги давр барчамиздан огоҳликни талаб этар экан, ёшларимиз, фарзандларимизнинг келажагига беэътибор бўлмай, уларнинг билим олиб, касб-ҳунар сирларини мукаммал эгаллаб, ўз Ватанига муносиб фарзанд, комил инсон бўлиб вояга етишлари учун доимо қанот бўлишимиз керак.

Пўлат Ҳамзаев
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+