Бугунги давр талаби ўзибўларчиликни тан олмайди

14.04.2021 12:04:23

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Барчамизга маълумки, жорий йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. Шу хусусда 27 январь ҳамда 10 февраль кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда жорий йилги муҳим вазифалар яна бир бор қайд этилиб, масъуллар белгиланган эди.

Йиғилишда айрим ҳудудларда бу борадаги ишларнинг ҳолати қониқарсиз деб топилиб, ўзибўларчилик ҳолатлари қаттиқ танқид қилинди.

Мазкур йиғилишда куннинг энг асосий долзарб вазифаси, яъни ҳудудлардаги уюшмаган ёшларнинг, умуман барча ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлиги таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланди.

Хусусан, жорий йил 1 майдан бошлаб корхона ва компаниялар агар ёшларни ишга қабул қилса корхонага ушбу ходимлар учун тўланадиган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, бу орқали жорий йилда камида 500 минг ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорларни рағбатлантириш механизми яратилиши белгиланди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва корхоналарда амалиёт ўтаганда уларга 500 минг сўмгача субсидиялар ажратилиши ҳамда 1 майдан бошлаб “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилиши шу каби бир қатор имтиёзлар берилиши белгиланди.

Йиғилишда ёшлар учун белгиланган имтиёзлар вилоятимиз учун жуда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Бу имтиёзлар туманларимизда иш олиб бораётган миллий касаначилик ва ҳунармандчилик бўйича ўқув марказлари фаолияти янада кучайтирилишида катта ҳисса бўлиши шубҳасиз. Чунки, белгиланган имтиёзларга асосан хотин-қизларимиз ва ёшларимизни касб-ҳунарга ўқитаётган ўқитувчиларга ҳам давлат томонидан субсидиялар берилиши кўзда тутилган.

Мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда барчамиз ташаббус кўрсатиш учун ўз устимизда мунтазам ишлашимиз, халқ манфаатлари йўлида бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз зарур.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, барчамиз бугунги ва эртанги фаровон ҳаётимизнинг асосий ҳал қилувчи кучи- бу бугунги ёшларимиз эканлигини чуқур англаб ҳар биримиз шунга ишонч ва эътиқод ҳамда фидойилик билан яшасаккина мазкур олдимизга қўйилган вазифалар тўлиқ амалга ошади.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+