Бугунги раҳбарга гердайиб яшаш ярашмайди

27.05.2021 13:05:46

Вилоят, туман ҳокимлиги раҳбарлигида ўтказиладиган йиғилишларда депутат сифатида иштирок этиб, кўриб, эшитиб англадимки, ҳақиқатдан ҳам бугун 20 ёки 50 , ёки бўлмасам, 100-200 кишилик корхона-ташкилотларга раҳбарлик қилиш, элнинг назарини кўтариб юриш осон эмасдай туюлади. Бугун ҳар биримизга қўйилаётган талаблар шу даражада кучлики, китобсиз, маънавиятсиз бу масалаларни ечиш қийин. Маҳалла, тумандаги раҳбарлар, корхона, ташкилот, муассаса бошлиқлари, мактаб, МТМ, ҚВПлар катталари, секторлар, соҳалар ва халқ фаровонлиги йўлида қилинаётган ишлар кўламини, одамлар учун жавобгарликларимизни ҳисобласак, талабларни чамалаб чиқсак, масалалар кўлами нақадар катта экани, элнинг назарини кўтариб яшаш қийинлигини тушуниб етамиз.

Президентимиз  Шавкат Мирзиёев бекорга бировларга ҳам китоб совға қил, ўзинг ҳам ўқи деб айтмаётганини тушунамиз. Йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалар - халқни рози қилиш, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун муносиб шароит яратиш борасидаги гап-сўзлар. Хусусан, тадбиркорларга кредит ажратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, мактаб ва МТМларга гўдаклар, болалар юрадиган йўлларда йўлаклар барпо этиш, ариқ ва йўлларда чиқиндиларни тозалаш, мактабларда ўқувчиларга шароит яратиш, электрон ҳужжат алмашиш тизими, бу соҳадаги камчиликлар, аҳоли мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, жиноятларнинг олдинини олишда маънавий-маърифий муҳитнинг ўрни, халқ қабулхонаси, сайёр қабул, ёзма мурожаат, ишонч телефони, телеграм-мессенжерлардаги мурожаатларга эътиборнинг аҳволи, одамлар дардини эшитиш каби масалалар.

Энди ўйлаб кўринг, бундан 15-20 йил олдин одамлар дарди билан шу даражада қизиқар эдикми? Халқнинг ичига шунча кириб бора олар эдикми? Ким эслай олади шундай ҳолатларни?

Эсимда, илгари бирор ташкилотга раҳбар бўлиб қолган айрим одамлар, хоҳ у раис бўлсин, хоҳ бир ташкилот раҳбари, дарров ўзгарарди, менсимай юрар, халқнинг дарди билан кўпам иши бўлмас эди. Бугун аҳвол ўзгарди. Бугун одамларнинг дардини тингламасанг, муаммолари билан қизиқмасанг, ким бемор, ким йўл таъмирига муҳтож, ким газ баллонга, ким ишсиз, ўйламасанг, раҳбар бўлиб ишлашинг қийин. Энди раҳбарнинг қовоғига қараб ишлаш даври ўтган. Ундай раҳбарларни замон ҳам, халқимиз ҳам яхши кўрмайди. Уларнинг даври ўтди. Чунки бугун гердайиб раҳбарлик қилиш одамнинг ўзига зарар. Бугун халқнинг ичига кириб бориш, дардига малҳам бўлиш, ишсизлик, тадбиркорлик, инвестиция, ёшларимизнинг чет элларга иш сўраб чиқиб кетишлари, халқ фаровонлиги, одамлар даромадини ошириш  ҳақида ҳар бир одамнинг ўз фикри бўлиши керак. Ҳеч қаерда ишламайдиган, лекин 40-50 сотих ери бор одамлар ҳам (Қишлоқларимизда бундай ери бор одамлар кўп) ҳеч бўлмаса бир оиланинг раҳбари-ку. Экин экиб ҳам даромад топса бўлади-ку. Бугун ҳатто МФЙ раиси, мактаб директорлари, МТМ мудиралари, ҚВП мудирларининг ҳам халқ ичида гердайиб юришга ҳаққи йўқ.  Биз фақат халқдан дардини, муаммосини, маданий, маиший, ижтимоий, иқтисодий ҳаётидаги камчиликларини сўраб туришимиз керак. Чунки Президентиимиз ва ҳукуматимиз биздан шуни талаб қилаяпти. Халқнинг розилигини олиш ҳам бир катта бахт эканлигини тушунтираяпти.

  Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+