Бухорода «Барқарор Ривожланиш Мақсадларини амалга оширишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» халқаро форуми

24.06.2021 17:06:28

Бухорода «Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Ушбу форум давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТнинг махсус резолюциясини қабул қилишга оид ташаббуси доирасида ўтказилмоқда.

Мазкур ташаббус барчамизни янада бирдамликка, белгиланган мақсадларга эришиш йўлидаги устувор вазифаларни ўзаро ҳамкорликда амалга оширишга ундайди. Зеро, бугун инсоният глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган даврда яшамоқда. Тараққиёт шиддати ва юзага келаётган муаммолар глобал даражада мувозанатлашган ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни тақозо этмоқда. Шу маънода, 2015 йилда дунё миллатлари якдиллиги асосида барқарор ривожланиш мақсадларининг қабул қилингани яқин истиқболда инсоният фаровонлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ушбу мақсадлар дунё давлатларининг ривожланиш дастурлари ва стратегияларини мувофиқлаштиришга ҳамда бир оқимга йўналтиришга хизмат қилувчи глобал мажбуриятдир. Бу орқали ҳар бир мамлакат тараққиёт йўлининг умуминсоний ривожланиш мақсадлари билан уйғунлиги таъминланади.

Ушбу халқаро форумда мен ҳам иштирок этмоқдаман. Ўтказилаётган музокаралар жараёнида мамлакатда амалга оширилган ишларнинг қисқача шарҳи билан танишдим. Шунингдек, халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат бўйича билимларимни ҳам оширдим. Форум юқори савияда ташкил қилинган ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.

 

Шехроз НОРОВ,

Халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+