БУЮК ТАРИХ ИЖОДКОРИ БЎЛГАН ИККИ БУНЁДКОР ХАЛҚ

05.04.2022 13:04:54

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари мужассам этилган. Айниқса, сўнгги олти йил давомида кузатилаётган ўзгариш ва жараёнлар, янгича ёндашув ва дадил қадамлар ташқи сиёсатимизда ҳам янги саҳифа очилишига замин яратмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг жорий йилнинг 29-30 март кунлари мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифини Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида ўта муҳим тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.

УЧ МИНГ ЙИЛЛИК БОҒ

Ўзбекларда отанинг асосий вазифасига – фарзанд тарбиялаш, унга муносиб исм қўйиш, касб-ҳунарли қилиш билан бирга хонадонда ўғил туғилса камида 20 дона кўчат экиш ҳам келтирилган – бу миллий қадриятимиз.

Амир Темур ўз тузукларида бир дарахт кестирсам, ўрнига юз дарахт экдим, деган. Соҳибқирон бобомиз давлатининг пойтахти атрофига 4 та боғ барпо этган. Бу боғлар мамлакатнинг кучи, қудрати рамзи бўлган.

Инсоният ўзининг давлатчилик тарихида (бугунда ҳам) катта шаҳарлар атрофида боғ яратиш, одам гавжум жойларга истироҳат боғлари барпо этиш каби экологик маданиятни Темур ҳамда темурийлардан ўрганган – Самарқанд каби шаҳарлар ландшафтидан андоза олган.

Нафақат Самарқанд балки барча шаҳарларимизда ҳавонинг тозалиги, бозорларини мева-чеваларга мўлчилиги бизнинг боғдорчилик салоҳиятимиздан дарак.

Миллий шаҳарчилик тарихи 2 200 йилдан кўп бўлган азим Пойтахтимизни ҳам вилоятимизнинг Зангиота, Тошкент, Ўрта Чирчиқ, Қибрай туманларида яратилган яшиллик ўраб туради.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизга туташ 100 гектардан ортиқ улкан ҳудудда истиқлолимизнинг 30 йиллик боғи барпо этилаётгани замирида минг асрлик миллий давлатчилигимизнинг қудрати яширин. Бу ғояга биринчи бўлиб Тошкент вилоятида замин тайёрланганлиги бизга чексиз ғурур бағишлайди.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидай, «Бу боғни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шарафига яратаётган эканмиз, бу жойга келувчилар учун 3 минг йиллик давлатчилигимиз тарихи акс этган мажмуа ҳам барпо этишимиз лозим».

Дарҳақиқат, турли давлатларда турли саналарга атаб ёдгорликлар ўрнатилган, ҳайкаллар, монументлар ясалган.

Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақиллик тўйи шарафига улкан боғ барпо этилиши – бу такрорланмас мўъжиза бўлди. Ҳали ҳеч қайси давлат ўз мустақиллигининг ёки давлатчилик тарихининг юбилейи шарафига боғ яратмаган. Биз бу борада ҳам биринчи бўлдик, Темур бобомизнинг шаҳар ва унинг атрофида яшил мўъжиза яратиш кашфиётига ҳамоҳанг бўлдик.

Ўзбекларда янги иморат, янги боғ, янги мажмуа яратилса, у жойга энг қадрли дўстини, қардошини меҳмон қилиш одати бор.

1991 йили Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлат – бу Туркия эди. Мамлакатимизнинг Бош байрамининг 30 йиллиги шарафига яратилган боғимизга ҳам чет эллик давлатлар орасида биринчи бўлиб ташриф қилган давлат Президенти ҳам Режеп Таййип Эрдўғон бўлди.

Шунингдек, икки буюк халқларнинг маънавий йўлбошчилари Кўксарой қароргоҳида яхши ниятлар билан кўчат экишди. Бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор.

Зеро, яшиллик, наботот дунёси инсониятга ҳар доим яхшилик соғинган, бизни боқадиган, об-ҳавони тозалайдиган, қишда иситиб, ёзда салқинлик бахш этадиган ҳам яшил дунё бўлади.

Демак, Туркия ва Ўзбекистон дўстлиги нафақат шу икки давлат балки минтақадаги барча миллат, элатларга бунёдкорлик олиб келади, барака олиб келади.

КЎҲНА ВА ҲАМИША НАВҚИРОН ХОРАЗМ

Туркия давлатининг Олий Мажлиси биноси пештоғига ушбу миллатнинг маънавий отаси Мустафо Камол ота Туркнинг «Биз Туркистон болаларимиз» мазмунидаги сўзлари битилган. Турклар, туркияликлар Ўзбекистонни ўзларининг ота юртлари деб билишади ва бу айни тарихий ҳақиқат ҳамдир.

Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистоннинг бош стратегик шериги ҳисобланмиш Туркия давлати раҳбарининг Хива, Урганч каби очиқ осмон остидаги музейимизга ташрифи, аввало қардошларимиз учун ўта ҳаяжонли бўлди, бу ҳаяжон фото, видео тасвирларда сезилди. Каминага Туркия ҳукумати аъзоларидан бирининг «Мен Хоразмга келишни 40 йил орзу қилганман» дегани ҳаяжонлантирди. Фикри ожизимча, шу куни Хивага меҳмон бўлганларнинг барчасининг яқин ўн йиллар кўпроқ вақтлар орасида кўнглидан кечган орзулари амалга ошди.

МИНТАҚАВИЙ ТИНЧЛИК КАФОЛАТИ

Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги сиёсати аниқ – биз ҳеч ким билан ҳарбий соҳада бирлашмаймиз, ҳамкорлик қилишимиз мумкин, лекин бирорта ҳарбий блокларга аъзо бўлмаймиз. Жумладан, Туркия билан ҳам.

Туркия давлати билан маданий, иқтисодий, тиббий соҳада ҳамкорлик қиламиз шу орқали икки давлат ўртасидаги мол-товар айланмасини ўзимиз хоҳлаган чўққига олиб чиқамиз, савдо-сотиқ борасидаги, ишлаб чиқариш борасидаги битимларимиз бардавом бўлади.

Афсуски, ҳеч кимга сир эмас – бугун дунё нотинч. Ён қўшнимиз Афғонистонда бўлаётган кўнгилсиз воқеалардан ўйлайманки, хабарингиз бор.

Алломалар «Мустақиллик бир кунда қўлга киритилади, лекин уни мустаҳкамлаш учун ҳар куни курашилади» дейишган. Одамларимизда шукроналик туйғусини янада тарғиб қилишимиз лозим. Токи юртимиздаги тинчликнинг қадрига етсин ҳамма.

Республикамизнинг барча вилоятлари, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ҳам қайсидир бир ёки иккита давлат билан чегарадош. Тошкент вилояти эса бир йўла 3 та – Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Қозоғистон Республикалари билан ҳамсоялиги бизга шараф, шу билан бирга осмонимиз мусаффолигини асрашда ҳушёрлик вазифасини ўтайди.

Яқин ва узоқ қўшниларимизнинг тинчлиги бизни энг катта бойлигимиз. Бироқ, 1990 йиллардаги Тожикистондаги 12 йиллик фуқаролар уруши, бугунги кунгача ҳар 5 йил ичидан Қирғизистондаги Президентлик сайловларининг оломонлик сиёсати орқали ўтиши, яқин 50 йил ичидаги Афғонистон муаммоси...

Шу ва шунга ўхшаш муаммо Туркия давлатида ҳам мавжуд.

Ўзбекистон ташаббуси билан барча давлатлар қатори Туркия давлати иштирокида 2021 йили «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциянинг ўтказилиши минтақада, бутун Евросиё заминида яқин 100 йиллар ичида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, шунингдек баъзи Осиё мамлакатларида ўз авжини олган, олаётган оломонлик сиёсати ва унинг янада маддалаб кетмаслигини олдини олишга қаратилган катта тарихий воқеа бўлди.

Президентимизнинг ўша куни конференция иштирокчилари, давлат раҳбарларига қарата айтганидек: “Ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди”.

Миллатимиз етакчиси Ш. Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири билан бўлган суҳбатда мазкур конференцияга: “Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги интеграция ва ҳамкорлик жараёнларини фаоллаштиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Шу йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақалар давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган янги транспорт йўлларини барпо этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Конференция Тошкент руҳини яна бир карра намоён этди” деб таъриф берилди.

Бу борада энг тўғри йўл ота-боболаримиз, жумладан Амир Темур тутган йўл – аввало иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Соғлом иқтисодий сиёсат ҳар қандай мафкуравий қарашлардан ҳоли бўлади, шундай бўлиши ҳам шарт. Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евросиё давлатлари сиёсий эмас, мафкуравий эмас, ҳарбий эмас – иқтисодий ҳамкорлик қилиниши илгари сурилди расмий Тошкент конференциясида. Бу таклиф Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси бўлди ва бу йўл ягона ҳамда энг тўғри йўлдир.

Менимча, 29-30 март кунлари Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи юқорида келтирилган ташқи сиёсатимиз борасидаги Ўзбекистон мақсадининг амалий ифодаси бўлди.

Ўта самарали кечган олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улар орасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон томонидан имзоланган давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти алоҳида ўрин тутади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Туркия давлати раҳбарининг юртимизга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланди ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бобур МАМИРОВ,

«Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+