Буюк Темур – иккинчи Ренессанс асосчиси

04.05.2021 18:05:29

Янги Ўзбекистонда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” бош ғояга таяниб, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш вазифаси қўйилди. Бу ҳар икки ренессанс сабоқларини ўрганишни, мўғил истилоси даврида барҳам топган биринчи ренессансдан кейин халқимиз қандай қилиб иккинчи ренессансни амалга оширганини, бинобарин Амир Темур сиёсатини ҳар томонлама ўрганишни тақозо этади. Зеро, Амир Темур иккинчи Ренессанс асосчисидир. Давлат раҳбарининг миллий тарихни халқимизга, айниқса ёшларимизга миллий руҳда етказиш, уларнинг қалбига, шуурига сингдириш керак, деган кўрсатмаси ҳам Амир Темур фаолиятининг янги қирраларини очиб беришни долзарблаштиради.

Амир Темур ҳақида тарихий манбаларда урғу кўпроқ унинг буюк давлат арбоби  ва даҳо саркарда бўлганига берилади. Ватанимизни мўғул босқинчиларидан халос қилганига, миллий давлатчилигимизни қайта тиклаганига, қудратли марказлашган давлат барпо этиб, уни ташқи душмандан ҳимоя қилганига ва муттасил кенгайтирганига этибор қаратилади. Йўл-йўлакай илм-фан, маданият, дин ҳомийси бўлгани, ободончилик билан шуғуллангани ҳам эътироф этилади. Аммо урғу биринчи навбатда унинг сиёсий ва ҳарбий даҳосига берилади.

Ҳақиқатан, Амир Темур Ватанимизни амалда мўғул истилосидан халос қилди ва улкан империя тузди. Айни пайтда мўғулларнинг ҳарбий куч-қудратини, халқаро мавқеини ҳамда, бугунги тил билан айтилса, ўз ҳокимиятининг легитимлиги тан олиниши муаммосини ҳисобга олиб, ўзини хон деб эълон қилмади, балки чингизийлардан қўғирчоқ хон тайинлаб қўйди. Акс ҳолда чингизийлар бирлашиб, энди мустаҳкамланаётган, ҳали кучга тўлиб улгурмаган Темур давлатига ҳужум қилишлари мумкин эди. Ушбу қарор Темурнинг сиёсий нечоғлик донолигини, вазиятни холис баҳолай олишини ва дипломатия соҳасида ҳам қудратли ақлга эга бўлганини, ҳокимият масалаларида  ижодкорлигини кўрсатади. Унинг сиёсий-дипломатик  фазилатлари Испания, Франция, Англия қиролларига ёзган хатларида, савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйиш, савдоларни муҳофаза қилиб, шарт-шароит яратиш юзасидан билдирган таклифларида,  фатҳ этган мамлакатларида олиб борган  адолатпарвар ва бағрикенглик сиёсатида ҳар томонлама намоён бўлди.

Амир Темур шахси ҳақида гап кетганда, унинг нафақат ҳақиқатан буюк давлат арбоби, даҳо саркардалигини эътироф этиш шунингдек ҳар томонлама етук ислоҳотчи, универсал тарихий шахс эканлигини, жамият тараққиётининг ҳаракатга келтирувчи, ҳал қилувчи омилларини, келажак тенденцияларини теран англаганини, олдиндан кўра билганини тан олиш зарур. Ушбу йўналишда Амир Темур фаолиятини, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий  ислоҳотларини, жамият бошқарувига қўшган янгиликларини атрофлича ва холис илмий таҳлил этиш, очиб бериш, жаҳонга кўрсатиш ўзбек олимларининг олдида турган улкан вазифадир. Таъбир жоиз бўлса, уларнинг ўз халқи ва илм-фан олдидаги маънавий бурчидир.  

Тарихда яхши ном қолдириш учун улкан салоҳиятдан ташқари тараққийпарвар ислоҳотчи бўлиш, янгиликлар жорий қилиш, жамиятни, маданиятни, ижтимоий муносабатларни янги сифат босқичига кўтариш керак. Амир Темур шундай даҳо шахс эди.  Ислоҳотчилик, янгича фикрлаш  халқимиз ва жаҳон тарихида унинг ролини белгилади. У, академик Н.И.Конрад таъбири билан айтганда, халқларни, маданиятларни яқинлаштирди, ўзаро бир-бирини ўрганишга шарт-шароит яратди. Ўрта Шарқнинг иккинчи Ренессансига асос солди. У туфайли Чингизхон даврида инқирозга учраган илм-фан, маданият, маърифат қайта уйғонди ва гуркираб ўсди. Улкан империяда адолат, қонун устуворлиги(шариат қонунлари ва Амир Темур ўрнатган қонунлар, тартиблар, низомлар устуворлиги) қарор топти. Илгари кўрилмаган фаровонликка, ободончиликка эришилди. Шаҳар ва қишлоқлар, касб-ҳунарлар ва савдо-сотиқ гуллаб яшнади. Н.И.Конрад Темурни Чингизхон билан эмас, балки Александр Македонский ва Канишка билан қиёслайди. Шу сабабдан у, агар Амир Темур бўлмаганида, Алишер Навоий даҳоси ҳам юзага чиқмас эди, деб ҳисоблайди.

Ислоҳотлар Амир Темурнинг ҳар томонлама универсал тарихий шахслигини кўрсатади. У қайси соҳага қўл урмасин, барчасида янгилик қилишга, ислоҳот ўтказишга интилган. У давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасида асрлар давомида халқ тўплаган тажрибани, ўзини оқлаган усуллар ва тузумни ижодий таҳлил этиб, ўз даврига мослаштириб сақлаб қолиш баробарида кўплаб янгиликлар киритган, қайтадан ташкил қилган. Бу маъмурий-ҳудудий ислоҳотларга ҳам, солиқ ислоҳотига ҳам, зироатчилик, ҳунармандлик, шаҳарсозлик, ер-сувга эгалик, мулкчилик соҳасига ҳам, дин, масжид, вақф масалаларига ҳам тегишли.  

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, Амир Темур Чингизхон Ясоси ва чингизийлар қонун-қоидаларини тубдан қайта кўриб чиқди. Чунки улар кўчманчи, ярим кўчманчи, қариндош-уруғчилик тамойилларига асосланган, ҳарбий иттифоққа уюшган қабилалар ва чорвадор феодаллар манфаатларига, турмуш-тарзига мос меъёрларни акс эттирар эди. Шаҳар турмуш тарзига, ҳунармандчилик, деҳқончилик, илм-фан, маданият ривожланишига, аҳоли фаровонлиги, шаҳар, қишлоқлар ободончилиги ўсишига унчалик мос келмасди. Шу сабабдан Амир Темур қонунчилик тизимини янгилади. Айни пайтда ўтмишдан келаётган яхши анъаналарни мустаҳкамлади. Туркий халқларга хос ҳарбий-сиёсий қурултойларни, кенгашу машваратларни ўз даври талабларига мослаштириб ривожлантирди. Давлат ишларининг,  ўз сўзлари билан айтганда, ўндан тўққизини кенгашу машварат билан, фақат биттасини қилич ёрдамида амалга оширди.

Биз Амир Темур демократия тарафдори эди деган фикрни олға суришдан йироқмиз. У якка ҳукмдорлик тарафдори, аммо адолат ва ҳалоллик, халқпарварлик тарафдори эди.

Ислоҳотлар давлат қурилиши, қонунчилик тизимидан ташқари суд тизимини ҳам қамраб олган эди. “Золимга қарши мазлум додида етдим, - деб ёзади у Тузукларида. – Золим етказган моддий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин (эътибор беринг: шикоят ва арз-доддаги даъво исботлангандан кейин – А.Э.), уни тартибга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим”. Ушбу иқрордаги икки жиҳатга эътибор қаратинг: биринчиси – одамлар ўртасида айбланувчини тартибга (қонунга) мувофиқ муҳокама қилганига, иккинчиси – асосий гуноҳкор четда қолиб, айтайлик, ҳақиқий гуноҳкор катта мартабали амалдор четда қолиб, унинг буйруғини бажарган бошқа кишига жабр-зулм қилмаганига. Кўҳна тарихдан ва янги даврдан ҳақиқий гуноҳкорлар ўрнига ҳар хил майда ижрочилар, иккинчи даражали айбдорлар ёки гумон қилинган шахслар жазоланиб, асосий айбдор қутилиб қолганига, одил судлов бузилганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Амир Темур бундай ноҳақликка йўл қўймасликка ҳаракат қилган.

Темурнинг кадрлар сиёсатини баҳолаш учун яна “Тузуклар”га мурожаат қиламиз: “Давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка (низом ва қонунларга) таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим. Амирлар, вазирлар, сипоҳ, ҳар бири ўз лавозими ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади”. Қачон амалдорлар, мулозимлар ўз лавозими ва мартабасидан мамнун бўлади? Табиийки, уларнинг қилган иши, хизматлари муносиб тақдирланса, қобилияти тўғри, адолатли баҳоланиб, қобилиятига яраша лавозим ва мартабага эришса, давлат ишларида, бошқарувида, одамларга муносабатда қонун-қоидага қатъий амал қилинса.

Иқтидорли ёшларга муносабат, қобилиятли кишиларни мансаб поғонасида ўстириш масаласида ҳам биз Амир Темурнинг адолатли иш тутганига, одамларга, ўша давр анъаналаридан фарқли  ўлароқ, насл-насабига қараб эмас, балки иқтидорига, ишчанлиги ва омилкорлигига қараб қўллаб-қувватлаганига гувоҳ бўламиз. Темурнинг ушбу сўзлари юқоридаги фикрни тасдиқлайди: “Кимнинг ақл-шижоатини синов тарозисида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқлигини билсам, уни тарбиямга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим”. Яъни Амир Темур учун насл-насаб, қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик эмас, амалда қобилият асосий роль ўйнаган. Лекин ўша давр анъаналарига кўра, шарқда ҳам Ғарбда ҳам насл-насаб, табақавий мансублик ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Амир Темур зарур ҳолларда ушбу анъаналардан чекинган. Мисол тариқасида Ироқдан келиб қолган 12 яшар Ибн Арабшоҳнинг улкан олим бўлиб етишганини эслаш мумкин. Адолат Амир Темур бошқарув усулининг асосий тамойили. Унинг шахсий муҳрида, узугининг кўзида “Куч - адолатда” деб, бежиз ёзилмаган эди. У давлатни, жамиятни адолат, шариат қонунлари ва ўзи яратган тузуклар (қонун-қоидалар) асосида бошқарди.

Амир Темурнинг ҳарбий соҳадаги ислоҳотлари ҳам ўхшаши йўқ ва ўз давридан илгарилаб кетган эди. Бу жангни бошқариш тактикасига, черикни ташкил қилиш, қурол-яроғ, от-улов, озиқ-овқат билан таъминлашга, ҳарбий юришни ташкилий бошқаришга, маршрут бўйлаб турли қўним жойларда, ҳудудларда 1-2 йил олдиндан озиқ-овқат ва ем-хашак тўплагани, аскарларга ойлик-маош белгилаганига бирдай тааллуқли. Айниқса кейинги ҳолат янгилик эди. Бу амалда профессионал армия яратишнинг илк унсури, куртаги бўлди. Амир Темур  ҳарбий юришлар бошланишидан аввал, унинг қанчагача чўзилишини ҳисоблаб, аскарларга 6 ойлик, 1 йиллик, 2-3 йиллик, 5 йиллик маошларини олдиндан тўлар эди. Бу ҳозиргача дунё тарихида ноёб ҳодиса бўлиб қолаётир. Уруш қурбонсиз бўлмайди. Аскар биринчи жангдаёқ ҳалок бўлиши мумкин. Унга эса бир неча йиллик маош олдиндан тўланган. Ғазна учун зарар. Лекин Амир Темур буни адолатли деб билган. Урушга кетаётган аскар маошининг бир қисмини уйидагиларга қолдириб, оиласини таъминлаб,кўнгли тинч бўлган. Маошнинг қолганидан сафар харажатларида фойдаланган.

Амир Темур бирор мамлакатда тинч аҳолини талашга рухсат бермаган. Керакли озуқалар ва буюмлар аҳолидан сотиб олинган. Агар кимлардир маҳаллий аҳолини таласа, ёки унга нисбатан зўравонлик қилса, тутиб жабрланувчига топширилган, жазони жабрланувчи берган. Шу сабабдан ишғол этилган мамлакат аҳолиси Амир Темурни босқинчи эмас, халоскор сифатида қабул қилган. Ишғол қилинган жойларда, агар маҳаллий халқ ўз ҳокимларидан рози бўлса, уларни лавозимларида қолдирган. У босиб олган жойларни вайрон қилдирмаган, аксинча, обод қилган, сув чиқарган, канал қаздирган, роботлар, ҳаммомлар, сардобалар, масжидлар, кўприклар, йўллар ва бошқа иншоотлар қурдирган.  Азиз валий зотлар, саидлар қабрларини қайта қурдирган ёки таъмирлаган. Булар ҳақда Темурнинг ўзи фахр билан Тузукларда ёзиб қолдирилган.

Иқтисодиёт соҳасидаги Амир Темур ислоҳотлари ҳам ҳайратли. Тузукларда бунга кўп мисоллар келтирилади. Қайси деҳқоннинг ерини ишлашга кучи етмай қолса, давлат ҳисобидан унга бепул анжомлар, қўш, уруғлик ҳамда  солиқ имтиёзлари берилган. Ким янги ер очса, бир йил мутлақо солиқдан озод қилинган, унга ғазнадан текин  ёрдам кўрсатилган. Иккинчи йил ўзи хоҳлаганча, учинчи йил қонунда белгиланган тартибда солиқ тўлаган. Ҳунармандлар учун ҳам юқоридагидек турли ёрдам ва имтиёзлар жорий этилган.

У даврларда банк ва кредит ташкилотлари йўқ эди. Амир Темур ғазна  ҳисобидан амалда текин ёрдам беришни ва солиқ имтиёзларини жорий қилди. Чунки исломда судхўрлик (рибоъ) ман қилинади. Қарз фоизсиз берилади. Темур эса қарз эмас, текин ёрдам кўрсатган. Бунда унинг халқ тўғрисидагина эмас, юрт ободлиги тўғрисида ҳам ўйлагани намоён бўлади. Чунки янги ер очилса, янги дўкон қурилса, юрт обод бўлади, давлат ғазнасига солиқ тўловчилар сони кўпаяди.

Унинг бундай оқилона сиёсати янги Ўзбекистонда янги асосларда яна қайта тикланди; тадбиркорларга берилаётган имтиёзли банк кредити ва маълум муддатга солиқдан имтиёзлар Амир Темурнинг иқтисодиёт соҳасидаги анъаналарининг янги шароитда қайта тикланиши ва давом эттирилишидир.

Умуман Амир Темур ислоҳотларини ҳар бир соҳа бўйича чуқур ва алоҳида ўрганиш, уларни тарихий фактлар билан далиллаш энди бошланяпти. Шу пайтгача биз Амир Темур шахсини англаш, унинг фаолияти ва таржимаи ҳолини батафсил аниқлаш, яхши ўрганилмаган жойларини, ноаниқ саҳифаларини ойдинлаштириш, бу борадаги мавжуд қарашларни танқидий холис баҳолаш билан кўпроқ машғул бўлдик. Бу, табиий эди. Чунки тарихий фактларни, воқеаларни тўқималардан, ривоятлардан ажратиб, тизимлаштириш, буюк аждодимиз тарафдорлари ва мухолифларининг бирёқлама баҳоларидан тозалаш лозим эди. Бу иш давом этаверади, албатта. Энди тадқиқотларимизни янада чуқурлаштириш, адабиётларда, жаҳон давлатлари архивларида ва хусусий шахслар коллекцияларида, музейларда Амир Темурга оид ҳужжатларни, ашёларни аниқлаб,  таҳлил этиб, умумлаштириб, уни жаҳон тарихий тараққиётига ҳар томонлама ҳисса қўшган даҳо универсал шахс сифатида кўрсата олишимиз керак.

Тарих сабоқ олиш, ота-боболаримизнинг буюк ишларини, тажрибасини янги шароитда давом эттириш, хатоларини такрорламаслик, ўтмишдан руҳий мадад олиш учун ўрганилади.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсат ҳам Амир Темур ва бошқа буюк аждодларимиз эзгу анъаналарини янги шароитда давом эттирмоқда . Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда Амир Темур фаолияти биз учун жонли намуна бўлиб хизмат қилади.  

 

Абдураҳим ИРКАЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+