Чемпион билагида куч-қудрат, юрагида Ватан бор

06.08.2021 16:08:52

 

 “Адолат” СДП  Тошкент вилояти ҳамда Бўстонлиқ тумани Кенгаши фаоллари ва депутатлар Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони Акбар Жўраев хонадонига ташриф буюриб, ғалаба муносабати билан оила аъзоларини қутлади.

109 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Акбар Жўраев даст кўтариш баҳсларида 193 кг, силтаб кўтаришда 237 кг, умумий ҳисобда эса 430 кг тошни ўзига бўйсундириб, Олимпиада чемпионига айланди.

Спортчимиз ўз ғалабаси билан нафақат Олимпиада минбарини, балки миллионлаб ўзбекистонлик мухлислар қалбини ҳам забт этди.

 Шу ўринда таъкидлаш керакки,  Акбар Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғида туғилган.

– Ғалабадан кучли  ҳаяжондаман, – дейди Акбар Жўраев. – Олимпия ўйинлари – биз Янги Ўзбекистон ёшларининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиш учун ажойиб имконият. Бугунги қувончли лаҳзалар, спортчиларимизнинг  ғалабалари аввало, мамлакатимизда спортга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Бу ғалабани жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишладим. Париж-2024 Олимпиадасида ҳам худди шундай медал олишга бор кучим билан ҳаракат қиламан. Барча ҳаваскор ёшларга спорт билан шуғулланишни, машғулотларни охиригача олиб боришни тавсия қилган бўлардим. Барча мураббийларим, менга мухлислик қилган ҳаммага раҳмат.

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши миллионлаб мухлислар қалбини забт этган Акбар Жўраевни, унинг яқинларини ва Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини муваффақият билан муборакбод этади. Ғалаба муборак, Ўзбекистон!

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

 матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+