Давлат бошқарувида рақамлаштириш ҳалолликнинг гаровидир

22.12.2023 12:12:37

Давлатимиз раҳбарининг тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологиялари ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида бугуннинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.

Давлатимизнинг сиёсати аҳоли учун давлат бошқарувида, давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратишни ифодалайди. Шундай экан, рақамлаштириш жаҳоний ривожланишнинг муҳим шарти эканлигини ҳисобга олиб, мамлакатда ҳам бу соҳани ривожлантириш эътибор талаб қилади.

Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш, унинг соҳа ва тармоқларини рақамлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Видеоселектор йиғилишида соҳа ривожи учун муҳим бўлган жиҳатларга эътибор қаратилди. Ҳудудларда иқтидорли ёшлар, IT соҳаси мутахассислари учун шарт-шароитлар яратишни кўзда тутадиган бу ислоҳотлар оқилона сиёсатдир. Келгуси йилда IT хизматлари ҳажмини 2 баробарга оширишга эришиш мақсад қилинди.

Фуқароларнинг давлат хизматларидан уйдан, маҳалладан туриб фойдалана олишини, “онлайн маҳалла” тизимини яратишни кўзда тутадиган вазифалар давлат дастурларига киритилганини ҳисобга олган ҳолда йиғилишда ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи бўлишига эришиш лойиҳаси бошланиши кераклиги таъкидланди. Чунки бугун маҳалла тизими ходимлари планшет ва компьютер билан таъминланганига қарамай, фуқаролар ҳалигача баъзи масалаларда маълумотномалар йиғиб юришга мажбур бўлмоқдалар. Ҳозирги кунда идоралараро интеграцияни йўлга қўйиш муаммоли масала эмас.

Мутахассисларга “Рақамли маҳалла” ягона платформасининг ишга туширилишини таъминлаш вазифаси топширилиши юқоридаги камчиликларни бартараф этади.

Ҳаёт тезкор, ривожланиш сари борилар экан, ҳамма соҳада ҳам биз унга етиб, керак бўлса, бир қадам олдинга ўтиб юришимиз керак.

Қолаверса, рақамлаштириш бу шаффофлик демакдир. Давлат бошқарувида ҳар бир хатти-ҳаракатнинг шаффоф ва очиқ бўлиши ҳалоллик, тўғрилик ва холисликнинг гаровидир. Давлат раҳбарининг: “Рақамлаштиришдан бош тортган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар”, — деган сўзларида ана шу ҳолатлар кўзда тутилган.

Йиғилишда кўплаб масалалар қатори интернет тезлигини яхшилаш, киберхавфсизлик, IT хизматларини экспорт қилиш ва бошқалар хусусида ҳам сўз борди.

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+