Давлат дастури барчамизга катта масъулият юклайди

14.03.2024 14:03:00

Мамлакатимизда халқ манфаати йўлидаги ислоҳотларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида ҳар йили давлат дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этиб келинаётгани юртимиз тараққиётида аҳамияти катта бўлмоқда. Давлатимиз Раҳбарининг “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳам шу йўлдаги муҳим ҳужжатлардан бири сифатида ҳамюртларимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Бу йилги дастурда, айниқса, ёшлар таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш, таълим муассасалари ҳамда педагоглар шарт-шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиздир.
Жумладан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб Хоразм вилоятининг 1тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади.
Умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификатциялаш тизими жорий этилади. Бунда директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади.
Бундай ёндашувлар ҳар қандай замон ва маконда таълим-тарбияга долзарб масала сифатида қаралганини кўрсатади. Чунки, Авлоний бобомиз таъкидлаганларидек: “Таълим-тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”.
Агар кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар чуқурроқ таҳлил этилса, таълимнинг барча бўғинларидаги тизимини комплекс ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани яққол кўзга ташланади. Бу Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия ҳаёт-мамот масаласига айланганидан далолатдир.
Давлат дастурида яна бир муҳим масала – мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва аҳолини спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш масаласига ҳам ҳар қачонгидан катта эътибор қаратилганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Албатта, мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самарасини бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Президентимиз ташаббуси билан ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини барпо этиш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш масаласига катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Демак, мазкур йилда ҳам спортни ривожлантириш борасидаги ишлар давом эттирилади.
Партиямизнинг Сайловолди дастурида ҳам тарбия ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, унинг сифатини ошириш бўйича фаол иш олиб бориш, шунингдек, жисмонан ва руҳан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби вазифалар белгиланган. Шу жиҳатдан, Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда барчамиз якдиллик билан ёндашсак, халқимиз улкан муваффақиятларга, тараққиётнинг янги марраларига эришади. Натижада аҳолимизнинг турмуш даражаси янада ошади.
Шундан келиб чиқиб, Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш партиямиз вакиллари ҳамда депутатларимизга катта масъулият юклайди. Демак, партиямиздан сайланган депутатлар албатта, дастур ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатиши лозим.

Қаҳрамон РАҲИМОВ,
Ўзбекистон"Адолат" СДП
Хоразм вилоят, Боғот туман Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари туман Кенгаши
депутатлик гуруҳи раҳбари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+