Давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турлари кенгайтирилади

24.06.2024 16:06:07

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг йиғилишида «Ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини эътиборга олиб, партия сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда қизғин муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларини тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар, болалар билан ишлаш бўйича ваколатлари белгиланмоқда. Хусусан, лойиҳада ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қилинган ҳомийлик маблағларини солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қўшиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилалар манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиш каби ўзгартиришлар назарда тутилмоқда.

Фракция аъзоси Олтиной Мамированинг айтишича, «Адолат» СДП сайловолди дастурида Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли «ижтимоий давлат» сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ушбу қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар партия ғоя ва мақсадларига уйғун ва ҳамоҳангдир.

Мунозаралар давомида депутат Гулруҳ Агзамова Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги тегишли қарорида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича устувор вазифалар белгилаб қўйилгани, шундан келиб чиқиб келгусида мазкур қонунга яна ўзгартириш киритиш зарурати туғилиши мумкинми, деган саволни ўртага ташлади.

Қонун ташаббускорлари ушбу масала юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, келгусида қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмаслигини билдирди. Уларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Фракция аъзоси Мақсудбек Қурбонбоев эса ўзгалар парваришига муҳтож шахслар қандай тартибда аниқланиши билан қизиқди. Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу тоифадаги шахслар маҳалладаги ижтимоий ходим, патронаж ҳамшира ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси томонидан хизмат вазифаларини амалга ошириш, жумладан, уйма-уй юриш натижасида шакллантирилган сўровномага шунингдек, ёзма, оғзаки ёки электрон шаклда «Ижтимоий ҳимоя» АТга юборилган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг қонуний вакилларининг ёки бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан аниқланади.

Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+