Давлатимиз раҳбари тинчлик элчиси сифатида эътироф этилди

08.07.2024 11:07:49

Муносабат
Халқчил ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жадал ривожланаётган давлатга айланмоқда. 2016 йил Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангандан сўнг бир қатор вазифаларни амалга оширишга тўғри келган эди. Масалан, Ўзбекистондаги ривожланишни замон талаби асосида тубдан янги босқичга олиб чиқиш, тўпланиб қолган қатор мураккаб ва долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақада ўзаро яқин дўстлик, қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш, давлат ҳокимияти ва жамият ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмини яратиш вазифалари турган эди. Ўша пайтда мамлакат ички ва ташқи сиёсатида ҳам кескин бурилиш қилиш зарур эди. Ўзбекистон Президенти шу бошқа камчиликларни инобатга олиб давлатда энг аввало халқчил сиёсат юритиш йўлини танлади. Шу билан бирга учинчи Ренессанснинг давлат тарихидаги энг йирик ислоҳотларни бошлаб юборди. Бугун эса ана шу хайрли ишларнинг самарасини халқимиз ҳис қиляпти. Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон дунёда барқарор ривожланаётган давлатга айланмоқда. Ўз мустақиллигини, халқининг тинч ва осойишта барқарор ҳаётини ҳимоя қилиш қобилиятини намоён этмоқда. Тенг ҳуқуқлилик асосида ўз кучига ва салоҳиятига таянган ҳолда дунё афкор оммаси олдида ўз обрўси ва нуфузига эга бўлмоқда. Буни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга БМТ Бош котиби «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини ва бу хайрли амаллар халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини ҳам таъкидлади. Президентимиз билан очиқ ва дўстона мулоқотлар давомида глобал ва Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, мустақил Ўзбекистон ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги масалалар, шунингдек, барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Айни пайтда ҳамкорликнинг жадал суръати эвазига 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. БМТ Бош Котиби қайд этганидек, кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилингани ҳам давлатимизнинг нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар боис жонажон мамлакатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили мамлакатда ҳуқуқий демократик ислоҳотлар намунали олиб борилаётгани туфайли биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Пойтахтимиз азим Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси ҳам иш бошлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда БМТ ҳамкорлигида глобал кун тартибига оид йирик халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Келгуси йилда кўҳна Самарқанд шаҳрида ЮНEСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.

БМТ бош котибининг мамлакатимизга ташрифи давомида Президентимиз билан халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари Бош котибнинг дунёда халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида олиб бораётган кенг кўламдаги ишларини юқори баҳолади. БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда амалдаги йилда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида мўлжалланаётган Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Шу билан бирга минтақада транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни янада ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. .

Жафокаш афғон халқига гуманитар ёрдамни ҳар томонлама янада кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги учрашувда таъкидланди. Айниқса, 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилгани ҳам жонажон Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада кенгаяётганидан далолатдир.

Бош котиб аввалги ташрифида ҳеч иккиланмасдан минтақа парчаланиб кетганлиги, Ўзбекистон раҳбарининг оқилона сиёсати самарасида Марказий Осиёда кўплаб муаммолар ўз ечимини топганлигини мамнуният билан тилга олди.

Ўзбекистон серқуёш мамлакат. Шундай экан бу ерда қуёшдан иссиқлик энергияси олишда жуда катта имконият бор. Шу сабабли ҳам БМТ Бош котиби Юқоричирчиқ туманидаги ACWA POWER RiverSide Solar Солар қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди. Бош котиб Ўзбекистонни қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга давлат деб ҳисоблади. Албатта, бу ва энергетика соҳасидаги ўзгаришлар барқарор ўсиш ва фаровонликни оширишга таъсир қилиши шубҳасиз. Бош котиб Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги ишлари, вазифалари БМТнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари билан мос келишини ҳам алоҳида таъкидлади.

Шу куни БМТ Бош котиби оддий аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилишга муваффақ бўлди. Яккасарой туманидаги «Дилбулоқ» маҳалласида ишбилармонликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш каби турли масалаларни биргаликда ҳал этувчи «маҳалла еттилик» тизими ишини ўрганди. А.Гутерриш давлатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутадиган маҳалла каби институтнинг ўзига хослигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди.

Руиддин Раупов,
«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси.

Фурқат Сахатов,
«Адолат» СДП
«Ёш адолатчилар қаноти» фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+