Давра суҳбатида келгуси йилда амалга ошириш режа қилинган ишлар атрофлича муҳокама қилинди

30.12.2022 11:12:47

Жорий йилнинг 29 декабрь куни Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

Давра суҳбати давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада илгари сурилган ёшларга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари ўртасида ўзаро фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Ташмухамедова, Ёшлар парламенти аъзолари, ёшлар етакчилари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар томонидан Мурожаатномада республика бўйича бошланғич таълим ўқувчиларига бепул овқатланишни жорий этиш масаласи кўтарилганлигига урғу бериб, Ёшлар парламенти аъзолари ўзлари 2023 йилда бепул овқатланиш жорий этилган мактабларда ўрганишлар олиб боришни режалаштирилаётганини айтиб ўтди.

Жумладан, Ёшлар парламенти аъзолари 2023 йилда болалар ва уларнинг ота-оналари фикрларини ўрганиш мақсадида сўровномалар ўтказишни режалаштирганини айтиб ўтди.

Шунингдек, бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаётгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, бугунги таҳликали даврда ёшларни носоғлом мафкуралардан ҳимоя қилиш айни пайтдаги энг устувор вазифалардан бири экани қайд этилиб, мутахассислар томонидан тегишли тавсиялар билдирилди.

Жумладан, ёшларда носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш борасида ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ёшларнинг замонавий ҳаётини белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва ахборот маконидаги таҳдидларни камайтириш, ёшлар онгига зиён етказиши мумкин бўлган таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга қаратилган электрон манзилларни доимий равишда чеклаб бориш чораларини кўриш, Олий таълим ва халқ таълими тизимида «Ёшлар носоғлом мафкурага қарши!» шиори остида ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил қилиш каби тавсиялар илгари сурилди.

Шу билан бирга, ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш, ахборот саводхонлигини юксалтириш, уларда танқидий фикрлаш ва фейк маълумотларни фарқлаш қобилиятини ривожлантириш муҳим вазифалардан деб эътироф этилди.

Қизғин муҳокамалар руҳида ўтган давра суҳбатида Ёшлар парламентининг ҳудудий аъзолари томонидан Мурожаатномада белгиланган вазифалар бўйича муносабат билдирилди.

Давра суҳбати якунида Мурожаатномада билдирилган фикрлар умумлаштирилиб, 2023 йилда уларни тизимли амалга оширишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+