Депутат хотин-қизларни футболга чорлади

12.03.2021 21:03:33

Олмазор туманидаги «Шон-шухрат» ҳамда «Қичқириқ» маҳаллаларининг аёллари «соғ танда – соғлом ақл» шиорига амал қилган ҳолда спорт билан шуғулланишни, айниқса, футбол ўйнашни канда қилмайдилар. Уйда ўтирган хотин-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида икки маҳалла ўртасида тез-тез спорт мусобақалари ўтказилади.

Анъанага кўра, бу галги мусобақа «Қичқириқ» маҳалла ҳудудида жойлашган стадионда футбол ўйини тарзида бўлиб ўтди. Футбол мусобақасида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фаол хотин-қизлар иштирок этди. Мазкур ўйинни ташкиллаштиришда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Луиза Хикматова жонбозлик кўрсатганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Зеро, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар ташаббусларини рағбатлантириб бориш давлатимиз олиб бораётган сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.

Қизғин бахсда кечган футбол ўйинида 2:1 ҳисоби билан «Шон-шуҳрат» жамоаси вакилларининг қўли баланд келди.

Мусобоқа сўнгида ғолиблар ҳамда барча иштирокчиларга Ўзбекистон «Адолат» СДП Олмазор туман Кенгашининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+