Депутат маҳаллабай учрашувлар ўтказмоқда

05.08.2021 17:08:55

 

“Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси, депутат Равшан Дастиров   маҳаллаларда бўлиб, “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича ўрганишлар олиб бормоқдалар. Учрашувларда муаммолар ўрганилиб, амалий кўмаклар берилмоқда.

Куни кеча Р.Дастиров ташаббуси билан “Хайдар Мақсудов” маҳалласида мана шундай учрашувлардан бири бўлиб ўтди.

Унда  сайловчиларнинг мурожаатлари эшитилиб, ечими бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, мазкур маҳалланинг Маърифат, Орзу, Автомобилчилар кўчалари йўлини таъмирлаш, эски симёғочларни алмаштириш зарурлиги  юзасидан қилган мурожатлари ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.  Шунингдек, маҳаллага депутат ташаббуси билан болалар ва спорт  майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди

Шу билан биргаликда,  вақтинча ишсиз бўлган 12 нафар фуқародан 4 нафари  Чирчиқ “Энергомаш” заводига, 5 нафар фуқаро шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ҳамда 3 нафар аёл “Текстил” фабрикасига ишга жойлаштирилди.

Шу куннинг ўзида депутат Р.Дастиров ташаббуси билан шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан “Дўстлик”, “Хайдар Мақсудов” маҳаллаларида аҳолини  вакцинациялаш ишлари  олиб борилди.

Карнай-сурнай садолари барчани маҳалла масканига чорлади. Тадбир олдидан бўлиб ўтган маросимда сўзга чиққан  Р.Дастиров  коронавирусга қарши курашда эмлашнинг аҳамияти юксаклигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз бу муҳим жараённи муваффақиятли амалга ошириш борасида зарур чоралар кўрганлигини таъкидлади.

Дастлаб кексалар шифокорлар кўригидан ўтишди. Саломатлиги қониқарли бўлган отахон ва онахонлар навбат билан эмлаш хонасига йўлланди.  Биринчиларда бўлиб, 76 ёшли Акбар ота Холиқов коронавирусга қарши вакцинани қабул қилди.

– Мен ўтган йили коронавирус инфекциясига чалиниб, 38 кун касаллик азоб-уқубатларини тортдим. Шифокорларнинг беминнат хизмати туфайли оёққа турдим. Бу касаллик ўта хавфли эканлигини бошимдан кечирдим. Яратганга шукрлар бўлсинки, коронавирусга қарши эмланадиган кунларга ҳам етдик. Шунинг учун вакциналаш бошланаётганлигини эшитиб, ўз хоҳишим билан поликлиникага келдим. Жуда ҳам хурсандман. Шифокорлар иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, кузатиб қўйишди. Энди хавотирга ўрин йўқ, – дейди нуроний.

Бош шифокор Зудия  Максудованинг таъкидлашича, тиббий тадбир бориши мутахассислар томонидан қатъий назоратга олиниб, шу куннинг ўзида 56 нафар хавф гуруҳидаги инсонлар эмлашдан ўтказилди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+