Депутат мукаммал қонун яратишда ўз таклифларини бераётган отахон хонадонида бўлди

03.04.2024 12:04:57

Янги Ўзбекистонда инсон, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар изчил амалга оширилмоқда. Асосий мақсад эса муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал этиш чораларини кўришдан иборат. Муаммо ва камчиликлар аҳолининг яхши яшашига халал бермаслиги керак.
Одамларнинг дардини эшитиш, ҳар бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмаслик зарур.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Махфурат Хушвақтова Қашқадарё вилоятидаги Муборак туманида бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашди. Қизғин мунозараларга бой бўлган мулоқотлар жараёнида фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олиб, фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди.


“Шодлик пахта дон кластери” масъулияти чекланган жамияти Муборак туманида намунали фаолият юритаётган корхоналардан ҳисобланади. Бу ердаги шарт-шароит, айниқса, тоза-озодалик, саранжом-саришталик, ишчи-хизматчиларнинг бир-бирига ўзаро самимий муносабати қадам ранжида қилган кишининг диққат-эътиборини тортади. Жамият таркибидаги заводда ип-калава ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳамда ип-калава ишлаб чиқарилганда чиқадиган чиқиндини қайта ишлаш цехи мавжуд. Айни пайтда чиқиндини қайта ишлаб, экспорт қилиш ишлари йўлга қўйилган. Шуниси эътиборлики, ҳар томонлама сифатли ип-калава ишлаб чиқариш учун Германия давлатидан асбоб-ускуналар келтирилган ва немис муҳандислари томонидан ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу цех 4 ой ичида ўз фаолиятини бошлайди. 250 нафар маҳаллий аҳоли янги иш ўринлари билан таъминланади.
Албатта иш бор жойда, муаммо, камчилик, етишмовчилик бўлиши табиий. Жамият ишбилармонлари ҳам ўзларини ташвишлантириб келаётган муаммолар билан депутатга юзланишди. Партиядошимиз уларнинг арзини эътибор билан тинглаб, муаммога қонуний ечим топишга ваъда берди.


Шу куни депутат Кончилар МФЙ ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан ҳам учрашди. Дарвоқе, ушбу саноат зонасида 4 нафар тадбиркор томонидан бир нечта истиқболли лойиҳалар амалга оширилган. Хусусан, “Олтин дон инвест” МЧЖ ишчилари ҳар йили 18 минг тонна ун ва макарон ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. “Кенжабек иссиқ нони” МЧЖ эса йилига 16 минг тонна ун ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Яна бир тадбиркор эса тозалаш ва ювиш маҳсулотлари ҳамда хўжалик совуни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. “Глобал хим реагент” МЧЖда эса қувурларни тозалайдиган антикоррозия ишлаб чиқарилмоқда. Энг асосийси, тадбиркорлар ички бозорни арзон ва сифатли ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўкин қилишга эришмоқдалар. Депутат улар билан мулоқотга киришиб, мурожаатларда ўртага ташланган камчиликларни ўз жойида масъуллар иштирокида бартараф этиш чорасини кўрди.


Саидмурод бобо Хўжақулов Дўстлик маҳалласида умргузаронлик қилади. Ҳар томонлама теран фикрлайдиган Саидмурод бобо Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам хат йўллаб, қонунчиликка доир ўз таклифларини бериб турадилар. Депутат у кишининг хонадонида ҳам бўлиб, дилдан суҳбат қурди. Дўстона мулоқотда Саидмурод бобо замонага шукроналик келтирди.
- Бахтли, фаровон замонда яшаяпмиз, - деди Саидмурод бобо Хўжақулов ўз миннатдорчилигини изҳор этаркан. - Ҳурматли Президентимиз томонидан биз фахрийлар учун барча имкониятлар яратилган. Пенсияни ўз вақтида оламиз. Даволанишимиз учун ҳам маҳаллий ҳокимият томонидан етарли ёрдам бериляпти. Мени туманимиз аҳолисининг бир вакили сифатида мурожаатимни инобатга олсангиз яхши бўларди. Туманимиз хонадонларида тоза ичимлик суви етишмовчилигидан аҳоли азият чекмоқда. Шу муаммони бартараф этишда ёрдам беринглар.
Депутат аҳолини жиддий ташвишлантириб келаётган тоза ичимлик суви масаласига ижобий ечим топиш учун дарҳол мутасадди идораларни жалб этди ва муаммони ҳал этиш чоралари белгиланди.
Дарвоқе, Махфурат Хушвақтова ўрганишларда аниқланган камчиликларни ўз ҳолича ташлаб қўймасдан, уни мутасаддилар иштирокида тезроқ бартараф қилиш ҳаракатини кўради. Шу туфайли ҳам одамлар ҳар гал депутат билан учрашувни интиқлик билан кутади. Мана бу сафар ҳам юзма-юз мулоқотда очилган муаммоларнинг барчасига депутат жавоб изламоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+