Депутат назоратга олган кўприк қуриб битказилди

12.12.2023 13:12:27

1973 йили Қарши магистрал канали орқали деҳқончилик қилинадиган экин майдонларига оби ҳаёт оқизилиши муносабати билан Қарши туманидаги 4 Н 304 “Дашт қишлоқ- Пахтаобод қишлоқ” автомобил йўли 5 километрида кўприк қурилган эди. Бу кўприк 50 йилдан кўпроқ вақт мобайнида аҳолига хизмат қилган. Аммо йиллар ўтган сайин бу кўприкдан тинимсиз автоуловлар қатнагани боис яроқсиз ҳолга келиб қолган эди.


Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21-22 апрел кунлари вилоятимизга ташрифлари чоғида ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириқларига асосан Қашқадарёдаги йўл транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини манзилли рўйхатидаги 4 Н 304 “Дашт қишлоқ- Пахтаобод қишлоқ автомобил йўлини 5 километрида жойлашган кўприк лойиҳалаштирилган эди. Кўприкнинг умумий узунлиги 72 м, юк кўтариш қуввати эса 120 тоннани ташкил этади.
Кўприкни ўз вақтида ва сифатли қуриб битказилишида Олий Мажлис Қонунчилик Палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умировнинг ҳиссаси катта бўлди. Депутатнинг бевосита кўмаги ва доимий назорати туфайли Навоий кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси қурувчилари томонидан 4 ой ичида 7563316 миллион сўмлик ишлар бажарилиб, кўприк фойдаланишга топширилди.
Қарши ва Нишон туманларини бир-бирига боғловчи бу кўприк айни пайтда ҳар куни 2,5 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қила бошлади. Шунингдек, ушбу кўприк орқали мингдан ортиқ автотранспорт қатнови ҳам йўлга қўйилди.


- Шуни мамнуният билан айтиб ўтишим керакки, бу замонавий кўприк Қарши ва Нишон туманлари аҳолиси фаровонлигини оширишга узоқ йиллар хизмат қилади, - деди Қарши тумани ҳокими ўринбосари Беҳруз Муродов. - Халқимиз Президентимиздан, ушбу кўприк қурилишида бевосита иштирок этган ва кўмак кўрсатган барча юртдошларимиздан мамнун. Янги йил арафасида бу халқимиз учун катта қулайлик бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+