Депутат Сергелидаги муаммоларни ўрганди

07.05.2022 15:05:13

Жорий йилнинг 5-7 май кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Агзамова Гулрух Анваровна сайлов округларида сайловчилар билан учрашув ўтказишлари белгиланган эди.

Шунга кўра, 5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Агзамова Гулруҳ Анваровна ишчи гуруҳи, Сергели туман ҳокими маслаҳатчиси А.Жабборов, депутат ёрдамчиси Ш.Шомуродов, «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби М.Бобоназаровалар билан биргаликда Сергели туманидаги «Нурҳаёт», «Хонобод», «Қумариқ», «Файзли», «Жалоир» маҳаллаларида бўлиб, мавжуд муаммоларни МФЙ раислари, туман ҳокимининг жойлардаги «ҳоким ёрдамчилари», «Оила ва хотин қизлар бўйича мутахассислари» ёшлар ишлари бўйича мутахассислар иштирокида мавжуд муаммолар ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида «Нурҳаёт» маҳалласида яқинда ишга туширилган Сергели туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-сонли оилавий шифохона (филиали) стационар даволаниш маскани билан яқиндан танишилди. Ушбу филиал қуввати келгусида «Нурҳаёт» маҳалласига чегарадош маҳаллалар аҳолисини тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини қондиради. Бу ерда ташкил этиладиган ЭКГ, ультратовуш хонаси, кардиолог, терапевт каби мутахассис шифокор хоналари, беморлар учун койкалар, махсус лаборатория жиҳозлари барча қулайликлари билан яратилади. Шунингдек, ушбу даволаниш масканининг ҳовлиси қаровсиз ҳолда аниқланди. Бу ерни ободонлаштириш ва келган беморларга қулайлик яратиш учун ҳовлига ўриндиқлар ўрнатиш бўйича тавсиялари берилди. Ушбу ҳудуд 2-сектор  тасарруфда бўлгани сабабли бевосита ундаги масъулларга бу бўйича таклифлар айтилди.

Шунингдек, Сергели туманида жойлашган 7-сонли умумтаълим мактаби ҳам кўздан кечирилди. Бу мактаб депутат Гулрух Анваровна ташаббуси билан давлат инвестицион дастурига киритилиб, 15 млрд. 215 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ қайтадан капитал таъмирланишга тушган. 950 ўринга мўлжалланган мактаб таъмири жорий йилнинг 15 августига қадар  якунланиши белгиланган. Айни вақтда ушбу таъмирлаш ишларини «Me`mor Home» МЧЖ олиб бормоқда.

Учрашувлар давомида депутат Гулрух Анваровна туман Тибиёт бирлашмаси бўлими бошлиғи С.Р.Хусанова мулоқот давомида  маълум қилишича, туманда истиқомат қилувчи 220 минг аҳоли сонига 500та штат бирлиги тўғри келади. Шунингдек, болалар стоматологияси клиникаси учун жой мавжудлиги, аммо унда керакли бўлган тиббий асбоб-ускуналар мавжуд эмаслиги. Гулрух Анваровна томонидан Қонунчилик палатаси депутат ёрдамчиси Ш.Шомуродовга туман депутатларига ушбу масалани Ҳалқ депутатлари Сергели туман Кенгашида кўриб чиқиш юзасидан тегишли тавсияларини берди.

Тошкент вилояти Зангиота туманининг айрим маҳаллалари, хусусан, “Файзли”, “Хонобод”, “Жалоир”, “Қумариқ” ва бошқа жами 13 та маҳаллалари пойтахт таркибига қўшилгани муносабати билан кўплаб муаммолар юзага келаётгани, ушбу қўшилган ҳудудлар аҳолисида буйрак етишмовчилиги, жигар циррози хасталиклари ҳаддан ортиқ қайд этилгани маълум қилинди. Депутат ушбу масалаларни ўз назоратига олишини билдирди. «Кўҳна Жалоир» маҳаллалари чегарасида давлат инвестиция дастури бўйича  180 та ўринли боғча қурилиши режалаштирилганлиги тўғрисида МФЙ раислари ва болалар боғчаси қуриб берилишини юзасидан мурожаат қилган фуқарога маълумот тақдим этилди.

Шундан сўнг маҳалла ҳудудидаги 352-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрилди. 352 ўринга мўлжалланган мактабда 549 нафар ўқувчи таҳсил олаётгани бу ерда ҳам мактаб биносини кенгайтиришга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатди. Шу билан бирга, мактаб ҳудудида спорт майдончаси қуриш, мактаб ошхонасида “замонавий” шарт-шароитларни яратиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Мактаб директори, шу маҳалладан сайланган туман депутати Вазира Сулаймонова, маҳалла ёшлар етакчиси Хусан Маҳмудовлар ушбу тавсиялар асосида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олишди. Тумандаги 353-мактабга ҳам ташриф буюрилди. “Қумариқ” маҳалласида жойлашган мактаб 2005 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Шунга яраша шароитлар ҳам етарли даражада эмас. Мактабда 347 та ўқувчи таҳсил олади. Мактаб балансида қўшимча 3 гектар майдони бўш ётибди. Депутат ушбу билим масканини ҳам замонавий ҳолатга келтириш бўйича ўз тавсияларини берди ҳамда ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларни ўз назоратига олишини маълум қилди.

Умуман олганда, Сергели туманига Зангиотадан ўтган 13 та маҳаллада жойлашган мактаблар ва боғчалар бўйича Халқ таълими ва Мактабгача таълим Вазирлигига, капитал ва реконструкцияга муҳтож, мактаблар ва боғчалар келгуси тақдири юзасидан мактаб раҳбарияти ва ўқувчи ва ўқувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда мурожаат қилишди. Гулрух Анваровна томонидан “Депутатлик сўровини” юбориш режалаштирилганлиги сабабли, мактаблар шароити, қувватини ва бошқа тегишли маълумотларни аниқлашни депутат ёрдамчиси Ш.Шомуродов ва мактаблар раҳбарларига ва тегишли мутасадди раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Шохруҳ Шомуродов,

ОМҚП депутати ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+