Депутат ташаббуси билан янги боғча ишга тушди

21.04.2021 12:04:27

Мавжуд муаммоларга ечим топиш, шу мақсадда бошлаган ҳар бир ишини охирига етказиш, ваъдасининг устидан чиқиш орқали сайловчилар ишончини оқлаш депутатнинг бурчи ва масъулиятли вазифаси саналади. Халқ депутатлари Денов туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари шу мақсадда маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, очиқ мулоқотлар олиб боришмоқда.

Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзоси Гавҳар Шоимовани ҳам ҳар доим хайрли ишлар бошида учратамиз. Ўтган йил охирларида  тумандаги “Дунётепа” МФЙда яшовчи сайловчилар билан учрашганида улар маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқлиги борасида мурожаат қилишган эди.

— Кўп ўтмай депутат Гавҳар Шойимованинг саъй-ҳаракати билан маҳалламизда 120 ўринга мўлжалланган давлат-шериклиги асосидаги янги “Мубинабону” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди, — дейди маҳалла раиси   Г.Худойназаров. — Янги боғча бизга ваъда қилинган вақтда, яъни жорий йилнинг апрел ойи бошларида қуриб битказилди ва депутатимиз бошчилигида мутасадди ташкилотлар вакиллари мазкур нодавлат мактабгача таълим муассасасини очиб беришди. Тадбирда  тумандаги маҳалла оқсоқоллари, фахрий отахонлар ва онахонлар, ушбу муассасада тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирок этишиб, ўзларининг хурсандчиликларини баён этишди.

Мазкур муассасада ота-оналар ва болажонлар учун қулайлик яратилган, шу билан бирга масканда 15 та янги иш ўрни очилганлигини эътироф этиб ўтиш зарур. Боғча олдида барпо этилган шахмат-шашка майдончаси эса кичкинтойлар билан ҳамиша гавжум.

Айни пайтда боғчанинг мусиқа зали, 4 та гуруҳ учун мўлжалланган машғулот хоналари, боғча йўлакларига гилам тўшалган. 100 та тарбияланувчилар овқатланишлари учун мўлжалланган ошхонага идиш-товоқлар ва бошқа ошхона жиҳозлари, ётоқхоналари зарур мебеллар билан таъминланган.

Дарс машғулотларида фойдаланиш учун кўргазмали ва ўқув қуроллари, ўйинчоқлар, тарбияланувчиларни дам олишлари учун мўлжалланган кроват, кўрпа-тўшак, чойшаблар ҳамда тумбочкалар тўплами топширилди. Бинода ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ барча эҳтиёт чоралари кўрилди. Муассаса ишга туширилишидан аввалроқ туман мактабгача таълим бўлими мудири  Б.Эшмуратова иштирокида ота-оналар билан учрашув бўлиб ўтди ҳамда болаларни боғчага жалб этиш ва бошқа зарур чора-тадбирлар муҳокама этилди. Шундан сўнг, туман Давлат хизматлари бўлими билан ҳамкорликда юз нафар бола тўртта гуруҳга қабул қилинди. Малакали мутахассис ҳамда тажрибали педагоглар жалб этилди. Бугунги кунда боғча ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+