Депутат ташаббуси бир оиланинг қувончига сабаб бўлди

24.06.2021 14:06:11

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан депутат этиб сайланган Дилфуза Камоловани ҳар доим хайрли ишлар бошида учратиш мумкин. Депутат сайлов округи ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан мунтазам хабар олади. Аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, мулоқотлар жараёнида уларнинг муаммоларини тинглаб, амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Гўри Амир”, “Эски Қаландархона”, “Устозлар” маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи  30 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож кўп фарзандли оилаларга,  ногиронлиги  бўлган шахсларга ва якка-ёлғиз қарияларнинг  хонадонида бўлиб озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

Шунингдек, сайловчиларнинг мурожаатига  кўра,  “Эски Қаландархона” маҳалласи Регистон майдонига яқинлигини, чет давлатлардан сайёҳларнинг ташрифини эътиборга олган ҳолда маҳалла биносининг бир қисмини таъмирлаш зарурлиги бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда тадбиркорларни жалб қилиш бўйича ҳам келишиб олинди.

“Иброҳимхўжа” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаштириш масаласида Самарқанд вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови чиқарилиб ижроси назоратга олинди. Мазкур ташкилот бош мутахассиси А.Бекпулатов билан суҳбатлашиб, ички йўлларни таъмирлаш масаласида фуқароларга тушунчалар бериб ўтди.

Ўзи тиббиёт соҳасининг одами бўлгани учунми сайлов округи ҳудудидаги  касалмандлар, ногиронлиги бор фуқаролар  депутатнинг  эътиборидан четда қолмайди. Яқинда “Эски Қаландархона” маҳалласи Сўзангарон кўчасида Ўғилой Мансурова саломатлигини тиклаш учун амалий ёрдам зарурлигини айтиб қилган мурожаати асосида изланишлар олиб борган депутат Ў.Мансуровага ўсиб борувчи миома хасталигини даволашда зарур бўлган жарроҳлик амалиётини ўтказишга ҳомийлик қилди. Депутат ташаббуси бир оиланинг қувончига сабаб бўлди.

Бир сўз билан айтганда, халқ фаровонлиги, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашимизда, тараққиётнинг янги босқичларига дадил қадам босишимизда халқ ноиблари бўлган депутатларимизнинг бу каби хайрли ишлари, ташаббуслари фуқароларнинг  ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига, уларни эртанги кунга ишонч билан боқишларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Зилола ДЎСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+