Депутат ёрдамчиси фаолият кўрсатмоқда

29.03.2022 17:03:45

Акмалжон Ҳайдаров яқингача “Адолат” СДП Янги Наманган тумани кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бораётган эди. Энди эса у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоиловнинг ёрдамчиси. Бу лавозимнинг жорий этилганига кўп бўлгани йўқ. Аммо сайловчилар билан ишлашни  яхши йўлга қўя олди. Кўпроқ вақтини маҳаллаларда ўтказади, одамлар билан учрашади, уларнинг мурожаатларини тинглайди. Ўз навбатида парламент аъзосининг фаолияти ҳақида ҳам одамларни хабардор қилади.

Куни кеча депутат ёрдамчиси билан учрашиб қолдик. У ўзининг фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Келажакдаги режалари билан ҳам ўртоқлашди. Асосий мақсад – одамларнинг қонуний талабларини қондириш, ҳаёт йўлида кўндаланг бўлган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш эканлигини таъкидлади.

 – Фуқаролар билан учрашар эканман, уларни қандайдир масалалар қийнаётганлигидан хабардор бўламан, - дейди А. Ҳайдаров. – Энг аввало, мурожаатларни батафсил ёзиб оламан. Иложи борича дарҳол йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бунинг уддасидан чиқа олмасам, депутат билан боғланаман. Баъзида муаммо тез ечим топади, гоҳида анча бош қотиришга, вақт ва куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади.

Депутат ёрдамчиси ҳозир шуғулланаётган бир нечта масалани айтиб берди. Масалан, Давлатобод туманидаги “Янги тонг” МФЙ ҳудудида жойлашган 49-умумтаълим мактаби директори Гулбаҳор Мадраҳимованинг  мурожаатини олайлик. У раҳбарлик қилаётган мактаб 1977 йилда 1360 ўринга мўлжаллаб қурилган. Ҳозир  2755 нафар ўқувчи  икки навбатда таълим олмоқда. Директор янги бино қуриш, мавжудларини эса реконструкция қилиш зарурлигини билдирди. Маҳалла раиси Муҳаббат Ҳусаинова билан биргаликда ўрганиш ўтказилди ва мурожаат депутатга етказилди.

Ўн тўққиз ёшли Ёдгор Собировнинг арзини эшитсангиз, анча-мунча одамнинг асаби қақшаши аниқ. Чунки у “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси бўлган, ўтган йили амалдаги қонунга кўра Давлатобод тумани ҳокими қарорига мувофиқ кўп қаватли уйда хонадон билан таъминланганди. Бироқ йигитнинг қувончи узоққа чўзилмади. Чунки  хонадоннинг эгаси бор экан ва у ҳокимликни судга бериб, ўз мулкини қайтариб олди.

Бунга ўхшаган мисоллар жуда кўп. Депутат ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаров машаққатли вазифасини пухта адо этиш учун астойдил интилмоқда. Бунда унга партиямиз фаоллари ҳам ёрдам бермоқдалар.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+