Депутат ёрдами билан ноқонуний қарздорликка чек қўйилди

16.11.2022 14:11:12

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Абдуллаевага жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳар Миробод тумани Мирсалихова кўчаси 5-уй 11-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Елена Сабирова мурожаат билан қабулга келган эди.

Фуқаро билан суҳбатлашилганда 2017 йилда муайян сабабларга кўра, унга нисбатан табиий газ бўйича йирик миқдорда қарздорлик белгиланган бўлиб, газ таъминотидан узиб қўйилган экан. Вазиятни аниқлаштириш ва масалани ҳал этиш мақсадида фуқаро Е.Сабирова аввалига туман ва шаҳар, кейинчалик эса Бош прокуратурага мурожаатномалар йўллаган бўлишига қарамай, ҳеч қандай натижага эришолмаган.

Шундан сўнг фуқаро Е.Сабирова ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилган. Ўз ўрнида, суд масалани фуқаро Е.Сабирова фойдасига ҳал этган бўлиб, табиий газ истеъмоли бўйича қарздорлик ноқонуний деб топилган ва фуқаро Е.Сабировани газ таъминотига улаш ҳақида қарор чиқарилган.

Суднинг чиқарган одилона қарори эса узоқ вақт бажарилмай келди. Бу йиллар давомида фуқаро Е.Сабирова бормаган жойи, тақиллатмаган эшиги қолмади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаеванинг аралашуви билан юқоридаги масала ўзининг ижобий ечимини топиб, Е.Сабирова газ таъминотига уланди.

Масаланинг ижобий ечимидан мамнун бўлган Е.Сабирова Олий Мажлис Қонунчилик палатасига миннатдорчилик хатини йўллади.

Камола ТОШХЎЖАЕВА,

ОМҚП депутати ёрдамчиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+