Депутатга қўл кўтаришга кимнинг ҳадди сиғди?

28.05.2021 15:05:39

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида депутатнинг таёқ билан калтакланганлиги тўғрисидаги видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалди. Маълум бўлишича, видеода калтакланган шахс Халқ депутатлари Бойсун тумани Кенгаши депутати Ўктам Жабборов бўлиб, унинг ўз мулкида калтакланланганлиги акс этган. Бу хусусда Халқ демократик партияси ўз вакилини ҳимоя қилиб, Бош прокуратура ва ИИВдан ҳолатни назоратга олишни сўраб, мурожаат қилган.

Видеони кузатиб туриб, энг ёмони, халқнинг кўз ўнгида халқнинг энг ишончли вакилининг  шаънини пастга уриш, уни беҳурмат қилиш, калтаклаш рўй бераётганлигидан азият тортади киши. 

Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўлиши белгиланган. Унга кўра, депутатни ҳақорат қилиш, унга нисбатан туҳмат қилган қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган. 

Депутат  ким аслида?

У халқ ишончини оқлаш, таклиф ва ташаббусларини илгари суриш, энг муҳими халққа яқин бўлиб халқ корига ярайдиган инсон. Унинг ҳақ-ҳуқуқлари, ваколатларига зид равишда туҳмат қилишга,  шаънини оёқ ости қилиб, калтаклаб уришга кимнинг қандай ҳадди сиғади?

Мазкур видеода депутатнинг калтак зарбидан азобланаётганлигини кўрасиз. Энди ўйлаб фикр қилсак, у наинки халқ ноиби, балки оддий бир инсон бўлганда ҳам таёқ билан кучли зарбалар бериб уриш ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайдиган ҳолат. Бу ерда энг олий қадрият инсон ҳақ –ҳуқуқининг поймол қилинаётганлиги киши ғазабини келтиришини айтиш мумкин.

Инсон ҳақ-ҳуқуқи — муқаддас. Ҳатто кимдир бирор ножўя иш, қилмиш содир этганлиги гумон қилиниб, ушланган, суриштирув жараёни давом этаётган пайтда ҳам ҳеч бир шахс­нинг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилиниши мумкин эмас. Агар суд томонидан айбдор деб топилсагина, у қонунга асосан тегишли жазосини олиши керак. Шунда ҳам, инсонга азоб бериш, турли қийноқларга солиш жиноят эканлиги қонунларда белгиланган.

Психологларнинг таъкидлашича хотирадан энг қийин ўчадиган ёки йиллар давомида азоб берадиган ҳолат бу инсон ҳаётидаги зўравонлик экан. Орамизда ана шундай аянчли хотирадан азобланаётганлар, ҳаёти барбод бўлганлар, бир умр ўзлигини тополмай яшаётганлар қанчадан қанча.

Зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши жазога мустаҳиқдир, агар биргина зўравон жазодан қутилиб қолса, бу бошқаларига нисбатан таъсир кўрсатади. Ҳар қандай зўравонликка қарши курашайликким, инсонлар қалбида жабр-зулм ва ғазаб-нафрат вужудга келишидан огоҳ бўлайлик! 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+