Депутатлар масъулияти ва фаоллиги оширилди

11.12.2020 11:12:41

Халқ депутатлари Наманган  вилоят  кенгашининг навбатдаги  ўн учинчи  сессияси  бўлиб  ўтди. Унинг иштирокчилари бошқа масалалар  қатори Ўзбекистон  Республикаси  Олий  Мажлиси  Сенати ишчи  гуруҳининг  вилоятда  бир  ҳафта  давомида  олиб  борган  ўрганишлари  натижаларини ҳам  кўриб  чиқдилар. Гуруҳ  вакиллари  жойларда қонун  ҳужжатларининг ижроси,  минтақани  ривожлантириш  бўйича  қабул  қилинган  фармон  ва  қарорларнинг бажарилиши юзасидан  олиб  борилаётган  ишлар  билан яқиндан танишдилар. Ўтказилган  бевосита  мулоқотлар  жараёнида одамларни   ўйлантираётган  муаммолар ўрганилди,  уларнинг  ечимлари  изланди.

Ишчи  гуруҳининг  фаолияти  ҳақида  ахборот  берган Сенат  қўмитаси раисининг ўринбосари Толибжон Мадумаров 2020-2021 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини  рўёбга  чиқариш бўйича қатор ишлар амалга  оширилганлигини таъкидлади. Жумладан, 2020-2021 йилларга мўлжалланган Наманган вилоятининг ҳудудий инвестиция Дастурига асосан, умумий қиймати 16,5 триллион сўмга тенг 1953 лойиҳа шакллантирилиб, 56 минг 690 иш ўрни яратилиши режалаштирилган эди. 2020 йилнинг  тўққиз ойида 6,5 триллион сўм инвестиция маблағи ўзлаштирилиб, жами 3,1 миллиард сўмни ташкил этувчи 1251 лойиҳа ишга туширилди. Натижада 15 минг 575 та янги иш ўрни яратилди.

“Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида тижорат банклари томонидан 36 минг 122 аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 778,7 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ажратилдики, бу ҳам ўз навбатида ишсизликнинг олдини олиш, халқимиз фаровонлигини ошириш ҳамда кичик бизнес, хусусан оилавий бизнес ривожига хизмат қилмоқда. Ўтган давр  мобайнида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам бирмунча яхшиланди. Президентнинг виртуал қабулхонаси орқали шаҳар ва туман ҳокимликларига 9622 та мурожаат келиб тушди. Бу, 2019 йилнинг шу вақтига  нисбатан 1095 та  камдир.

– Албатта, ишчи  гуруҳнинг маълумотнамаси  фақат  ютуқларни  санашдан  иборат бўлгани  йўқ, - дейди сессияда  иштирок  этган  Ўзбекистон   “Адолат” СДП  Наманган  вилоят  Кенгаши  раиси Исроил  Жўраев. – Масалан, ўрганишлар  мобайнида  шаҳар-туманларда 80 дан ортиқ  муаммо ва камчиликлар  аниқланганлиги айтилди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлардан ҳозиргача бештаси белгиланган муддатда бажарилмаган. Мингбулоқдаги   13-, Нориндаги 22-, 47-, Попдаги 40-, Уйчидаги 12-,  13-мактабгача таълим ташкилотларида электр трансформатор пунктлари ўрнатилган бўлса-да,  ташқи  тармоққа  ўз  вақтида  уланмаганлигига  нима  дейсиз? Мазкур  ҳолат  анчагача назоратсиз қолган.

Бундан ташқари, вилоятда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар етарли даражада эмас. Бу борадаги фаолият таҳлил қилинганда, умумий жиноятлар сони ҳамда қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш,  фирибгарлик, ўғирлик, безорилик, талончилик, босқинчилик ҳолатлари кўпайганлиги  маълум  бўлди.

Ёш авлодни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, ўқиш ва меҳнатда бўлмаган уюшмаган ёшлар қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўпроқ  эътибор  қаратиш  талаб  этилади.  “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси  имкониятларидан тўлақонли  фойдаланилмаётир. Буни тўққиз  ой  ичида  атиги  156 ёш тадбиркорга 33,4 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги  ҳам  кўрсатиб  турибди. 

Сессияда таъкидланганидек, ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга яқиндан кўмаклашиш мақсадида  вилоят Кенгаши депутатлари амалий-услубий ёрдам кўрсатиш учун шаҳар ва туманлар Кенгашларига, секторларга бириктирилади. Буни “Адолат”  СДП  гуруҳи аъзолари ҳам қизғин қўллаб-қувватладилар.

Нурбек  АБДУЛЛАЕВ, 

 Ўзбекистон  “Адолат”  СДП  Наманган  вилоят  Кенгаши  матбуот  котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+