Депутатлар қонун лойиҳаси бўйича қандай таклифлар берди?

24.01.2024 10:01:04

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқилди.
    Дастлаб депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, тузалиш йўлига ўтишини таъминлаш ҳамда ижтимоий мослашувини жадаллаштириш орқали уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, ижтимоий қоидалар ва анъаналарга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш туйғусини шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


    Хусусан, кейинги йилларда маҳкумларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш даражаси оширилиб, уларни қийноққа солишнинг олдини олиш механизмлари яратилди, маҳкумларнинг жазони ижро этиш колонияларидаги ҳуқуқлари кенгайтирилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан ишлаб чиқилган.


   Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят-ижроия кодекси”га озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонпарварлик тамойили асосида муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга оид нормалар киритилмоқда.


    Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш тартиби жорий этилмоқда.


     Муҳокамалар давомида фракция аъзолари Дилмурод Исмоилов ва Маҳфурат Хушвақтовалар ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унинг қабул қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар талаб этадими, деган саволни ўртага ташлади. Қонун ташаббускорлари ушбу савол юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтди.
    Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кўзланган мақсадларга эришишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари яратилишига, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
     Қизғин давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
     Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+