Депутатлар томонидан кам таъминланган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди

19.08.2021 16:08:04

Бугунги карантин шароитида яшаётган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш халқимизга хос саховатпешаликнинг юксак намунасидир. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, бугунги синовли кунларда уларга елкадош бўлиш жуда муҳимдир.

Хусусан, беш нафар депутатни ўз сафига бирлаштирган партия Шўрчи туман депутатлик гуруҳи аъзолари  ҳам зиммасидаги бу каби масъулиятни сидқидилдан адо этмоқда.

Айтиш керакки, депутатлик гуруҳи аъзоларини ҳар доим сайловчилари орасида учратиш мумкин. Депутатлар доимий партиянинг “Муаммо билан юзма юз” лойиҳаси доирасида тумандаги маҳаллаларда аҳоли билан мулоқотда бўлишади. Шундай мулоқотлар асносида тумандаги “Ялти”, “Жойилма”,  “Ёшғайрат”  маҳаллаларида олиб борилган ўрганишлар натижасида 55 та кам таъминланган, 30 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила, шунингдек, 11 нафар ногиронлиги бўлган, 8 нафар якка-ёлғиз яшовчи, 15 нафар ишсиз  фуқаролар борлиги аниқланди.

Мазкур маҳаллаларда  истиқомат қилувчи  50 дан зиёд кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз аёлларга депутатлик гуруҳи ташаббуси билан кундалик турмушда зарур бўлган  озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш эътиборга олиниб, бемор фуқаролар бепул дори-дармонлар билан таъминланди.

- Инсонлари қадрланган юртда яшаш бахтини қайта дилдан туймоқдаман, -дейди тумандаги “Ялти” МФЙ фуқароси Зулфия Ҳаитова. – Уйимнинг олд қисми жуда таъмирталаблиги билан одамнинг ғашини келтирар эди. Депутатлар билан мулоқотлар жараёнида мурожаат қилгандим, зудлик билан таъмирлаб, чиройли кўринишга келтиришди. Қон босимим ҳам тез-тез ошиб турарди. Депутатларнинг тиббий ёрдами билан аҳволим анча яхшиланди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз синовли кунларни бошидан кечираётган бир пайтда фаолларимизнинг бу каби амалий ишлари  жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, фуқароларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари орқали мамлакатимиз тараққиётини изчил ривожлантиришда  аҳамиятли экани шубҳасиздир.

Файзулла ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шўрчи туман Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+