Депутатларимиз сафи кенгаймоқда

18.07.2022 16:07:17

“Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилоти партиянинг сайловолди дастурини амалга ошириш, ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишни ўз фаолиятининг асосий мақсадлари сифатида белгилаб олган. Шунга мувофиқ  дастурлар ишлаб чиқилган ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу эса сафдошларимизнинг кўпайишида, партиянинг танилувчанлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги вакилларимиз миқдори ҳам ортиб бормоқда.

Ўтган якшанба куни партиядошларимиз оралиқ сайловларда яна бир муваффақиятга эришдилар.  Қувончли хабар Чортоқ туманидан келди. Бу ердаги   54-Ҳамид Олимжон сайлов округида халқ депутатлари вилоят кенгашидаги бўшаб қолган ўринга сайлов ўтказилди. Аниқроғи, овоз беришнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Чунки икки ҳафта илгари бўлиб ўтган “баҳс”да депутатликка номзодлардан ҳеч ким эллик фоизли маррадан ўта олмаган эди.

-  Ўшанда партиядошимиз Саидолим Абдураҳмонов салкам қирқ беш фоиз овоз тўплаб биринчи ўринни эгаллаган эди, - дейди “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев. – Шунинг учун иккинчи босқичда ғолиб чиқиши мумкинлигини тахмин қилгандик. Айни пайтда тарғибот ишларини кучайтирдик. Қўшни туманлардан ҳам фаолларни жалб қилдик. Натижа кўнгилдагидай бўлди, юзимиз ёруғ бўлганидан ҳаммамиз хурсандмиз. Энди халқ депутатлари вилоят кенгашидаги гуруҳимиз аъзолари сони олти кишига етди. Бу, фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.

Шу ўринда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши номзодни тўғри ва ўринли танлаганини қайд этиш лозим. Саидолим Чортоқ туманида туғилиб ўсган, қирқ олти ёшда. Касби – журналист. Ҳозир вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизматининг раҳбари. Аввалроқ қатор оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Адолат” газетасида ишлаган. Бир муддат партия вилоят кенгашининг раиси ўринбосари ҳам бўлган. Аввалги чақириқда халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият олиб борган.

 – Сайловчилар, қолаверса, партиядошлар билдирган ишонч зиммамга катта масъулият юклайди, - дейди халқ депутатлари вилоят кенгашига ўтказилган сайлов ғолиби Саидолим Абдураҳмонов. – Халққа хизмат қилиш учун бор билимим ва куч-ғайратимни ишга соламан. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшаман.

 “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+