Депутатнинг бир куни

25.03.2021 15:03:02

Биз маҳаллий Кенгашларда фаол иш олиб бораётган депутатларимиз фаолияти ҳақида бирин-кетин мақолалар тайёрлашни режа қилдик.

Шу мақсадда дастлаб Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Турон фанлар академияси академиги, социология фанлари доктори, профессор Ташпўлат Матибаевнинг бир кунлик фаолиятини батафсил ёритишга ҳаракат қилдик.

Т.Матибаев дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, республика Ташқи ишлар вазирлиги, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Тараққиёт стратегияси маркази билан ҳамкорликда ўтказилган «Фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида маҳалла институтининг оилаларни мустаҳкамлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги ўрни» мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиб, мавзуга доир масалалар юзасидан нутқ сўзлади. Сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишда иштирок этди. Унда Т.Матибаев уюшма сафига қабул қилинганлиги эълон қилиниб, аъзолик гувоҳномаси тантанали топширилди. Таъкидлаш керакки, шу кунгача профессор Т.Матибаевнинг бир қанча ўқув адабиётлари, қўлланма ва турли мавзуга оид китоблари чоп этилган.

Депутат тушликка қадар ушбу ишларни якунлаб, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида сиёсий партиялар, ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари учун ташкил этилган ўқув курсида дарс ўтди. Ўқув машғулоти Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, сиёсий партияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни, шахсий ва касбий кўникмаларни ривожлантириш каби мавзулар бўйича ўтказилди.

Дарсдан сўнг чиқиб депутат маҳаллаларни айланди. Ўзи сайланган округда олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди. Миробод туманидаги “Темир дафтар” рўйҳатида турган айрим хонадонларга кириб, совға-салом ҳамда китоблар тарқатди.

Сирасини айтганда депутатнинг бир куни мана шу зайлда ўтди. Четдан туриб баҳо берувчи кишиларнинг эътирозларига қарама-қарши равишда депутат халқ манфаати, юртимиз равнақи йўлида тинимсиз ҳаракатда эканлигини яққол намоён этди.

“Депутатнинг бир куни” лойиҳаси давом этади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+