Дезинфекциянинг Марҳаматча ва Деновча "усул"и (ми?!)

27.04.2021 13:04:33

Ижтимоий тармоқларда ҳудудларда ёнғин ўчириш машиналари томонидан қоидаларга амал қилмасдан сув сепилаётган жараёнлар акс этган видеолар кенг тарқалди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ бериб, суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Ушбу ҳодисалар Андижон вилояти Марҳамат ҳамда Сурхондарё вилояти Денов туманларида юзага келганлиги маълум бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотига кўра, “Юқорида қайд этилган ҳудудларда коронавирус инфекциясининг ўчоғи аниқланган ҳамда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, дезинфекция ишлари шошилинч, тартибсиз ҳолда амалга оширилган”лиги қайд этилиб, ҳодиса юзасидан ўрганиш якунлари бўйича тегишли ходимларга интизомий чора кўриш  айтилган.

Видеони кузатар эканмиз, аҳоли ҳаракатланаётган кўчада ўт ўчириш машинаси томонидан дезинфекция қоидалари қўпол тарзда  амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўламиз.

Ўтган 2020 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган тиббий-санитария чора-тадбирларини амалга ошириш” белгиланган. Ушбу видеода на аҳолини дизенфекция чора-тадбирлари олиб борилаётганлиги тўғрисида огоҳлантирувчи мурожаатни ва на ўт ўчириш машинасининг аҳолини менсимай, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмай йўналаётганлигини кузатиш  мумкин.

Ўрнатилган тартиб-қоидаларга кўра,  тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари аҳолига тушунча бериб, дезинфекция қилувчи ўткир заҳарли кимёвий моддалар аҳоли саломатлиги учун ўта  хавфли эганлигини таъкидлаб,  уйда қолиш зарурлиги тўғрисида қатъий огоҳлантириш беришлари зарур албатта. Шундай экан, бу услубда коронавирус инфекциясига қарши чора-тадбирлар олиб боришга кимнинг қандай ҳаққи бор?!

Бу каби нотўғри тартибдаги профилактик тадбирлар инсонни бир умрга ногирон қилмаслигига ким кафолат бера олади!?

Коронавирус яна авж олганлигини назарда тутган ҳолда бундан кейин эса нафақат дезинфекция ишларига, балки, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш масаласи эндиликда кўндаланг туради. Аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, дўконлар расталарини дезинфекция қилиш талаблари кучайтирилади. Албатта, кўрилаётган қатъий чоралар одамларнинг ҳуқуқларини чеклаш ёки камситиш  эмас, балки оиласи, фарзандлари, яқинлари, эл-юрт тинчлиги, соғлиғини барча қадриятлардан устун қўядиган халқимизнинг саломатлиги, фаровон ҳаёти, қолаверса, келгусини ўйлаб қилинаётган заруратдир.    

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+