Долзарб мавзуда давра суҳбати

11.11.2021 15:11:54

“Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши аҳоли ўртасида турли мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишларини кенг миқёсида олиб бормоқда. Бунга партия фаоллари, депутатлар жалб этилаётгани яхши самара бермоқда. Яқинда “Қизилқиёқ” маҳалласида яна бир долзарб мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Унинг иштирокчилари хотин-қизлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясини олдини олишнинг аҳамияти ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.

- Бугунги кунда аҳоли бандлиги муаммосини ҳал этишга катта эътибор берилмоқда, - деди ўз сўзида “Адолат” СДП туман кенгашининг раиси Рахимжон Тошматов. – Шу билан бирга ҳали бу сохада ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар йўқ емас. Шунинг учун фуқароларимиз айни пайтда хорижга бориб ҳам ишламоқдалар. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам яхши меҳнат ҳақига, қулай шароитларга эга бўлаётгани йўқ. Ноқонуний  миграция оқибатида одам савдосидан азоб чекаётганлар ҳам бор. Шунинг учун биз биринчи навбатда фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимларини оширишга харакат қилишимиз лозим.

Давра суҳбати қатнашчилари бу соҳада хотин-қизлар билан тизимли иш олиб бориш зарурлигини таъкидладилар. Чунки кейинги пайтда хорижга бориб ишлаётган опа-сингилларимиз ўртасида турли юқумли касалликларга йўлиқиш, тақиқланган ташкилотларга қўшилиш, ўзлари ишлаб турган мамлакатнинг қонунларини бузиш каби ҳолатлар учрамоқда. Бу эса халқимизнинг миллий анъаналари ва қадриятларига хилофдир.

Тадбирда сўз олган “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова, ҳалқ депутатлари Янгиқўрғон тумани кенгаши депутати Шавкатжон Ғайбуллаев, партиямиз фаоли Абдураҳим Раҳбаржонов ва бошқалар кун тартибидаги масала юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

- Бугунги тадбир ҳаммамизда катта таассурот қолдирди, - дейди маҳалла фуқароси Кимёхон Маҳкамова. – Биз меҳнат миграцияси ҳақида зарур тушунчалар олдик. Айни пайтда шу соҳадаги қонунларни бузиш қандай оқибатлар келтиришини ҳам англаб етдик. Бунинг учун “Адолат” социал-демократик партияси вакилларидан миннатдормиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

“Адолат”СДП Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+